“Кафолат” суғурта компанияси томонидан кўрсатилган хизматлар ҳажми 50% зиёдга ўсди

Дата: 14:30, 05-05-2014.

Тошкент. 5 май. ЎзТАГ – 2014 йилнинг биринчи чорагида “Кафолат” давлат акционерлик суғурта компанияси томонидан кўрсатилган хизматлар ҳажми 3,448 трлн сўмни ташкил қилди, бу 2013 йилнинг биринчи чорагидагига қараганда 51% кўпдир, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ). Компаниядан хабар қилишларича, ҳисобот даврида тўпланган суғурта мукофотлари ҳажми 9,435 млрд. сўмни ташкил қилган (+22,7%). Ушбу даврда 998 суғурта ҳолати бўйича қиймати 1,366 млрд сўмлик суғурта қопламалари ва тўловлари амалга оширилган. Ҳар куни ўртача 8-9та тўлов бажарилган.
Суғурта қопланмаси тўловлари таркибининг 45,8% иш берувчининг фуқаролик масъулиятини суғурта қилиш, 42% эса транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик масъулиятини суғурта қилиш эгаллаган. Қолган 12,2% эса шахсий ва мулк суғуртаси ҳисобига тўғри келган.
Компаниянинг инвестиция ҳажми жорий йилнинг 1 апрел ҳолатига кўра, 28,133 млрд. сўмни ташкил этди (+ 15,8 %). Қайд этилишича, “Кафолат” ДАСКнинг жорий йил II чоракдаги устав капитали 8,2 дан 9,6 млрд. сўмга ўсди. Натижада компания сўнгги беш йил ичида биринчи марта тасдиқланган қайта суғурталовчи сифатида суғурта таваккалчиликларини қабул қилиш имкониятига эга бўлди.
Компаниянинг суғурта заҳиралари ҳажми ҳисобот даври охирига келиб 26,6 млрд сўмни ташкил қилди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: