“Кафолат” суғурта компанияси Тошкентда ўқувчилар учун суғурта масалалари бўйича семинарлар ўтказмоқда

Дата: 14:10, 27-02-2015.

Тошкент. 27 феврал. ЎзТАГ – “Кафолат” Давлат-акционерлик суғурта компанияси (ДАСК) Тошкентда ўқувчилар учун суғурта масалалари бўйича семинарлар ўтказмоқда, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Компаниядан хабар беришларича, “Суғурта болалар нигоҳида” лойиҳаси “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати кенгаши билан биргаликда амалга оширилмоқда.

Ўзбек суғуртачисининг ташаббуси ёшларда суғурта маданиятини шакллантиришга қаратилган.

Лойиҳа доирасида семинар иштирокчилари орасида расмлар конкурси ўтказилмоқда. Ўқувчиларнинг ижодий ишлари “Суғурта менинг тушунчамда”, “Суғурта билан келажакк сари” ва “Кафолат” – 18 ёшда” йўналишларида қабул қилинмоқда.

Расмлар танлови якунлари 14 мартда Ёшлар ижодиёти саройида бўлиб ўтади ва бу ерда конкурс давомида йиғилган ишларнинг кўргазмаси ташкил этилади. Ғолиблар ҳам шу ерда тақдирланади ва матбуот анжумани ўтказилади.

“Кафолат” ДАСК хизматлари орасида ўқувчиларни бахтсиз ҳодисалардан суғурталаш хизмати ҳам бор. Ўқувчининг ота-онасига бериладиган суғурта шартномаси 1 йил ичида амал қилади ва ўқувчининг 24 соат давомида суғурта ҳимоясини таъминлайди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: