“Кафолат” суғурта мукофотлари йиғишни 37,9% кўпайтирди
Тошкент. 4 август. ЎзТАГ – 2016 йилнинг биринчи ярим йилида “Кафолат” суғурта компанияси 37,7 млрд сўм суғурта мукофотлари йиғиб, ушбу кўрсаткични ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 37,9% кўпайтирди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Компания транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик масъулиятини мажбурий суғурта қилиш бўйича 9 млрд сўм суғурта мукофотлари тушумини таъминлади. Иш берувчининг фуқаролик масъулиятини мажбурий суғурта қилиш бўйича эса 7,4 млрд сўм йиғилди”, - деб таъкидлашди компанияда.
Шунингдек, ширкат суғурта ва қайта суғурта қилдирувчиларга 4006 ариза бўйича 7,4 млрд сўм суғурта қопламаси тўлади, суғурта қопламалари ҳажмининг ўсиши 1,3 мартани ташкил қилди. Кунига ўртача 20-21 қоплама тўлаб берилди.
Бундан ташқари, активлар ва инвестиция киритмалари ҳам барқарор ўсиб бормоқда. Улар асосан банк омонатлари, депозитлар ва банклар сертификатлари шаклидадир.
1 июл ҳолатига компаниянинг инвестициялари ҳажми 42,1 млрд сўмдан ошди.
“Кафолат” суғурта компанияси йирик акционерлик жамиятидир. Унинг 183 бўлинмалари, шу жумладан, 15 филиал, 38 бўлим ва 129 суғурта марказлари мавжуд.