“Кафолат” ўзбек суғуртачисининг мижозлари компания раҳбарияти билан видеоалоқа орқали боғланишлари мумкин

Дата: 16:25, 09-10-2015.

Тошкент. 9 октябр. ЎзТАГ – Яқинда Тошкентда “Кафолат суғурта компанияси” АЖ ахборот технологияларини жорий қилиш мавзусида матбуот анжумани ўтказди. Эндиликда компания мижозлари “Кафолат” компанияси раҳбарияти билан видеоалоқа орқали боғланишлари мумкин, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Компаниянинг Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш департаменти бош менежери Илҳом Каримовнинг сўзларига кўра, ушбу хизмат тури ширкатнинг барча филиалларида йўлга қўйилган.

Бундан ташқари, компанияга мурожаатларни онлайн тарзда расмий вэб-сайт ёки Ягона давлат интерактив хизматлари портали орқали ҳам бериш мумкин.

Янгилик сифатида компания томонидан Android Операцион тизими негизида “Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурталаш (ТВЭФЖМС) Калькулятори» мобил дастури ишлаб чиқилди. Уни компания сайтидан бепул тарзда юклаб олиш мумкин. Мазкур илова транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурталаш бўйича суғурта мукофотларини ҳисоблаш учун ишлатилади.

Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурталаш қиймати шахсий маълумотлар асосида, транспорт воситасининг тури, рўйхатдан ўтиш ҳудуди, тарифлар кабилардан келиб чиқиб ҳисобланади. Илова суғурта агентлари ҳамда истеъмолчилар учун фойдали бўлиши мумкин.

Шунингдек, компания суғурта хизматларини онлайн тарзда тақдим этиш мақсадида мижозларга шахсий виртуал хона тақдим этмоқда. Бу ерда улар ўз ҳисоб балансининг тўлдирилганлик тарихини кузатиши, суғурта хизматларидан фойдаланиши, суғуртага оид савол бериши, суғурта ҳодисаси рўй берганлиги тўғрисида хабар бериши  мумкин. Шахсий кабинет очиш учун мижоз сайтда телефонини кўрсатган ҳолда рўйхатдан ўтиши зарур.

Бугунда компания мижозлари онлайн тарзда ТВЭФЖМС амалга ошириши, “Болажон”, “Саломатлик” ва “Оилавий” дастурлари бўйича бахтсиз ҳодисалардан суғурта қилинишлари мумкин. Шунингдек, хизматларга пластик карточкадан ҳақ тўлаш мақсадида Mbank тизими жорий этилган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: