Камилов Қирғизистон ТИВ раҳбарини Самарқанддаги халқаро конференция ишида қатнашишга таклиф қилди

Дата: 16:25, 18-08-2017.

Тошкент. 18 август. ЎзТАГ –16 августда Ўзбекистон ҳукумат делегацияси таркибида Бишкекка ташриф буюрган Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Қирғизистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Эрлан Абдилдаев билан учрашди. Бу ҳақида ташқи сиёсий муассаса матбуот хизмати хабар қилмоқда.

“Суҳбат чоғида икки томонлама муносабатларнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари, 2016 йил декабр ойида Самарқанд шаҳрида ва 2017 йил июн ойида Остона шаҳрида олий даражадаги учрашув ва музокаралар доирасида эришилган келишувларни амалга ошириш жараёни муҳокама қилинди”, - дейилади жума кунги хабарда.

Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов ва Қирғизистон Бош вазири Сооронбай Жеенбеков раислигида Бишкек шаҳрида бўлиб ўтган Икки томонлама ҳамкорлик бўйича ва Давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш бўйича Ўзбекистон-Қирғизистон ҳукуматлараро комиссиялари мажлисларининг самарали якунлари вазирлар томонидан юқори баҳолангани хабар қилинмоқда.

Таъкидланишича, ҳукумат раҳбарлари учрашувларда янгича динамика касб этган ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий ҳамкорликни фаол ривожлантириш ҳамда транспорт, қишлоқ ва сув хўжалиги, энергетика, маданият, соғлиқни сақлаш, таълим, илм-фан, туризм соҳаларида алоқаларни чуқурлаштиришга келишиб олдилар.

Шунингдек, ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари олий даражада бўлиб ўтадиган ташрифнинг санаси ва кун тартиби юзасидан фикр алмашдилар.

Бундан ташқари, А.Камилов Э.Абдилдаевни жорий йилнинг ноябр ойида Самарқанд шаҳрида БМТ шафеълигида Ўзбекистон томонидан ўтказиладиган Марказий Осиёда ҳавфсизлик ва барқарор ривожланишни таъминлаш бўйича халқаро конференция ишида иштирок этишга расман таклиф этди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: