“Камолот” ҳарбий хизматда бўлган талабалар шартнома пулининг 35% тўлаб беради

Дата: 11:58, 24-11-2016.

Тошкент. 24 ноябр. ЎзТАГ – “Камолот” ЁИҲ ҳарбий хизматда бўлган ва ҳарбий қисмлар қўмондонлигининг тавсиясига эга бўлган бакалавриат талабалари шартнома пулининг 35% тўлаб беради, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати маълумотига кўра, янги қоидалар молия вазирлиги ва олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 15 ноябрдаги 2838 сон билан рўйхатга олинган қарори билан тасдиқланган.

Ўзгартишларга мувофиқ, ёрдам олишга даъвогар талаба академик гуруҳнинг фикрига эмас, балки “Камолот” ЁИҲининг олий таълим муассасасидаги бошланғич ташкилоти Кенгашига боғлиқ бўлади.

Моддий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқишнинг янги тартибига кўра, ҳар йили 1-февралдан кечикмай олий таълим муассасаси Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаган, ҳарбий қисмлар қўмондонлигининг тавсияномасига эга бўлган ва олий таълим муассасасига тўлов-контракт шакли асосида ўқишга қабул қилинган талабаларнинг рўйхатини, шунингдек, уларнинг ўзлаштириши ва интизоми тўғрисидаги маълумотларни тақдим қилади.

Ушбу рўйхатга кирган талабалар 20-февралдан кечикмай “Камолот”нинг бошланғич ташкилоти Кенгашига ташкилот томонидан моддий ёрдам кўрсатилиши тўғрисида ариза билан мурожаат қиладилар.

Ҳисобга олинадиган меъёрларга ҳам ўзгартишлар киритилган. Хусусан, талабанинг ўрганилаётган даврдаги ўртача ўзлаштириш кўрсаткичи 71 ва ундан юқори фоиз бўлиши зарур, моддий ёрдам кўрсатилган талабаларнинг ўқув жараёни ва “Камолот” ЁИҲдаги иштироки, уларнинг ўзлаштириши, интизоми ҳам ҳисобга олинади.

Хужжат 21 ноябрдан кучга кирди. 

Янгилик билан ўртоқлашиш: