Канадада авиаҳалокатда 7 нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлганлиги юзасидан тергов олиб борилмоқда

Дата: 15:39, 02-12-2019.

Тошкент. 2 декабрь. ЎзТАГ – Канадада авиаҳалокатда 7 нафар ўзбекистонлик ҳалок бўлганиги юзасидан тергов олиб борилмоқда, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

"27 ноябрь куни Канададаги Онтарио провинциясида келиб чиқиши ўзбекистонликлар билан содир бўлган самолёт ҳалокати ҳудудида тегишли тузилмалар томонидан тўлиқ текширилди, самолётнинг барча бўлаклари Торонтода батафсил таҳлил қилиш учун махсус тергов марказига олиб борилди. Айни пайтда, Канада ҳукумати билан биргаликда марҳумларнинг жасадларини аниқлаш ва тезкорлик билан уларнинг қариндошларига бериш учун ҳаракатлар олиб борилмоқда", – дейилади Ташқи ишлар вазирлиги (ТИВ) матбуот хизмати хабарида.

Таъкидланганидек, элчихона Канада Ташқи ишлар вазирлиги ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари вакиллари, авиаҳалокатда ҳалок бўлганларнинг яқинлари ва қариндошлари, Торонто ва Техас штатидаги (АҚШ) ўзбек диаспораси вакиллари билан яқин алоқада.

2 декабрь куни Ўзбекистон элчиси Жавлон Ваҳобов Канададаги Транспорт хавфсизлиги кенгаши ва маҳаллий тергов органлари вакиллари билан Торонтода учрашувлар ўтказади.

Эслатиб ўтамиз, 27 ноябрь куни Онтарио вилоятида (Канада) содир бўлган енгил моторли хусусий самолёт қулаши оқибатида Ўзбекистоннинг етти нафар фуқароси ҳалок бўлган.

Сурат манбаи: kratko-news.com

Янгилик билан ўртоқлашиш: