Каримов Москвага расмий ташриф билан борди

Дата: 10:53, 26-04-2016.

Тошкент. 26 апрел. ЎзТАГ – Куни-кеча Ўзбекистон Республикаси президенти Ислом Каримов Россия Федерацияси президенти Владимир Путиннинг таклифига биноан расмий ташриф билан Москвага етиб келди. Бу ҳақида Ўзбекистон Республикаси президентининг матбуот хизмати хабар қилди.

Хабарда айтилишича, олий мартабали меҳмон “Внуково-2” аэропортида кутиб олинди, шундан сўнг Ўзбекистон делегацияси ўзи учун ажратилган қароргоҳга йўл олди. 

“Шу куннинг ўзида Ислом Каримов билан Владимир Путиннинг норасмий учрашуви бўлиб ўтди”, - дейилади хабарда.

Ташрифнинг асосий воқеалари 26 апрелга белгиланган.

Олдин хабар қилингани каби, икки давлат раҳбарлари Ўзбекистон – Россия ҳамкорлиги ривожининг долзарб масалаларини муҳокама қиладилар, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик айрим муаммолар юзасидан фикр алмашадилар, шунингдек, турли ташкилотлар, жумладан, МДҲ, ШҲТ ва БМТ доирасидаги ҳамкорликни кўриб чиқадилар.

Музокаралар якунлари бўйича Ўзбекистон билан Россиянинг турли соҳалардаги ўзаро ҳамкорлигини янада ривожлантиришга қаратилган қатор ҳужжатлар имзоланиши мўлжалланган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: