Каримов ва Путин Афғонистон муаммоси, терроризмга қарши кураш ва Ўзбекистоннинг ШҲТ раислигини муҳокама қилдилар

Дата: 12:39, 27-04-2016.

Тошкент. 27 апрел. ЎзТАГ – Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ва Россия президенти Владимир Путин Афғонистон муаммоси, терроризм, экстремизм, наркотрафикка қарши кураш ва Ўзбекистоннинг ШҲТ раислигини муҳокама қилдилар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) ўзбек раҳбарининг Москвага ташрифи якунлари бўйича.

“Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг таклифига биноан 25-26 апрель кунлари расмий ташриф билан ушбу мамлакатда бўлди”, - дейилади Ўзбекистон президенти матбуот хизмати сайтидаги хабарда.

25 апрель куни Ислом Каримов ва Владимир Путиннинг норасмий учрашуви бўлиб ўтди. Президентларнинг самимий ва сермазмун суҳбати узоқ давом этди. Томонлар Ўзбекистон – Россия муносабатлари, жаҳоннинг турли минтақаларида содир бўлаётган воқеалар хусусида атрофлича фикр алмашдилар.

Ташрифнинг асосий тадбирлари 26 апрель куни Кремлда бўлиб ўтди. Ислом Каримов ва Владимир Путиннинг учрашувида сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, ҳарбий-техникавий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама этилди.

Ислом Каримов ушбу ташриф ўзаро алоқалар ривожига янги суръат бағишлашини, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳар томонлама фикр алмашиш учун қулай имконият эканини алоҳида таъкидлади.

Владимир Путин Ўзбекистон Россиянинг стратегик ҳамкори ва ишончли иттифоқчиси эканини, бу муносабатлар янада мустаҳкамланиб бораётганини алоҳида қайд этди.

Эслатиб ўтамизки, Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги ҳамкорлик мустаҳкам шартномавий-ҳуқуқий асосга эга. Мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар 2004 йил 16 июнда имзоланган Стратегик шериклик тўғрисидаги шартнома, 2005 йил 14 ноябрда имзоланган Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартнома доирасида изчил ривожланиб бормоқда.

Ҳукуматлараро ва идоралараро алоқалар саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш, олий даражадаги учрашувларда эришилган келишувларни амалга оширишда муҳим омил бўлмоқда. Мамлакатларимиз БМТ, ШҲТ, МДҲ каби халқаро тузилмалар доирасида ҳам самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда.

 Президентлар минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар, жумладан, Афғонистон муаммоси, терроризм, экстремизм, наркотрафик, уюшган жиноятчиликка қарши курашиш масалалари юзасидан фикр алмашдилар.

Учрашувда Ўзбекистоннинг ШҲТга раислиги доирасида амалга оширилаётган ишларга алоҳида эътибор қаратилди. Мамлакатимизнинг ташкилот ишини янада фаоллаштириш, минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш, тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашга йўналтирилган саъй-ҳаракатлари муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди. Владимир Путин Ўзбекистон томонидан ШҲТнинг июнь ойида Тошкентда бўладиган саммити муҳокамасига киритилиши мўлжалланаётган ташаббусларни Россия томони қўллаб-қувватлашини қайд этди.

Шндан сўнг таъкидланишича, Ўзбекистон – Россия муносабатларида савдо-иқтисодий ҳамкорлик асосий ўрин тутади. 2013-2017 йилларга мўлжалланган иқтисодий ҳамкорлик дастури, 2015-2019 йилларда иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш ва чуқурлаштиришнинг асосий йўналишларига оид ҳукуматлараро битимга мувофиқ бу соҳадаги алоқалар изчил тараққий этмоқда.

Россия Ўзбекистоннинг ташқи савдо шериклари орасида иккинчи ўринда туради. Ўзбекистон Россияга транспорт воситалари, пахта толаси, трикотаж, мева-сабзавотлар, қора ва рангли металлар, турли хизматлар экспорт қилади. Россия мамлакатимизга транспорт воситалари, кимё ва қоғоз саноати товарлари, озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб беради.

Ўзбекистонда россиялик ишбилармонлар билан ҳамкорликда тузилган 900 дан ортиқ қўшма корхона фаолият юритмоқда. Мамлакатимизда Россиянинг 85 фирма ва компанияси ваколатхонаси очилган. Ўзаро товар айирбошлаш ҳажми изчил ўсиб бормоқда. Жорий йилнинг биринчи чорагида бу борадаги кўрсаткич 7,9% ошган.

Инвестициявий ҳамкорлик ҳам фаол ривожланмоқда. Кейинги йилларда Россиянинг мамлакатимиз иқтисодиётига киритган сармояси 6 миллиард доллардан ошган. Ўтган йили бу кўрсаткич 2014 йилга нисбатан 40% ўсган.

Ўзбекистон ҳам, Россия ҳам ёқилғи-энергетика соҳасида улкан салоҳиятга эга. Бу мазкур йўналишдаги ҳамкорлик ривожида муҳим ўрин тутмоқда. Россиянинг «Лукойл» ва «Газпром» нефть-газ компаниялари мамлакатимиздаги углеводород конларини қидириш ва ўзлаштиришда фаол иштирок этмоқда. Шу йил 19 апрель куни Бухоро вилоятида «Ўзбекнефтгаз» миллий холдинг компанияси билан «Лукойл» компанияси ҳамкорлигида Қандим газни қайта ишлаш мажмуаси қурилиши бошланди.

Ўзбекистон автомобиллари Россияда доим харидоргир. “Матиз”, “Нексия” каби машиналаримиз бу ерда бир неча бор йилнинг энг яхши автомобили деб топилган. Жорий йилнинг биринчи чорагида ушбу мамлакатда янги бренд остидаги “Ravon Gentra” савдоси 7% ўсган.

Россияда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига талаб юқори. Ўзбекистон бу соҳада улкан салоҳиятга эга. Давлатимиз раҳбарининг шу йил 12 апрелдаги “Мева-сабзавот, картошка ва полиз маҳсулотларини харид қилиш ва улардан фойдаланиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада янада кенг имкониятлар яратди.

Музокарада мамлакатимизда етиштирилган мева ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш ҳажмини кўпайтириш ва турини кенгайтиришга келишиб олинди.

Товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, сармоявий ҳамкорликни ривожлантириш, транспорт ва транзит соҳасидаги алоқаларни кенгайтиришга доир масалалар муҳокама қилинди. Мамлакатларимизда ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш учун ҳали тўла фойдаланилмаётган имкониятлар кўплиги, уларни ишга солиш икки томон учун ҳам манфаат келтириши таъкидланди.

Томонлар маданият, илм-фан, таълим, спорт ва туризм соҳалари бўйича ўзаро алоқаларни кенгайтириш масалалари юзасидан фикр алмашдилар.

Музокаралар якуни бўйича Ўзбекистон Республикаси билан Россия Федерацияси ўртасида маданий-гуманитар, ташқи сиёсат, олий таълим, жисмоний тарбия ва спорт каби қатор соҳаларда ҳамкорликка оид ҳужжатлар имзоланди.

Ислом Каримов ва Владимир Путин оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда музокаралар очиқ ва ўзаро ишонч руҳида ўтганини, минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш ва ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари юзасидан атрофлича фикр алмашилганини таъкидладилар. Бу ўзаро муносабатларнинг бугунги ҳолатини баҳолаш, кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаш имконини берди. Кўриб чиқилган масалалар юзасидан томонларнинг позицияси бир хиллиги ёки яқинлиги қайд этилди.

“Шу билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг Россияга расмий ташрифи якунига етди. Олий даражадаги мулоқотларнинг узвий давоми бўлган ушбу музокараларда мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик шерикликни ривожлантиришнинг муҳим йўналишлари ва истиқболлари белгилаб олинди. Бу Ўзбекистон ва Россия халқлари манфаатларига хизмат қилади”, - дейилади Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабарида.

Янгилик билан ўртоқлашиш: