Каримовнинг кичик қизи ўзбекистонликларни Мустақиллик куни билан табриклади ва қўллаб-қувватлаш учун миннатдорлик билдирди

Дата: 12:40, 31-08-2016.

Тошкент. 31 август. ЎзТАГ – Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг кичик қизи Лола Каримова-Тиллаева ўзбекистонликларни Мустақиллик куни билан табриклади ва қўллаб-қувватлаш учун миннатдорлик билдирди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Ватандошларимни чин юракдан Мустақиллик куни билан муборакбод этаман! Мен бизнинг бағрикенг, меҳнаткаш ва ниҳоятда иқтидорли халқимизга бахт-саодат ва фаравонлик тилайман! Саховатли она заминимизда ҳамиша тинчлик ва ҳотиржамлик барқарор бўлсин. Она Ватанимизда асрлар оша мавжуд бўлган бағрикенглик, турли миллат ва динлар вакиллари орасидаги ўзаро хурмат ва эҳтиромга асосланган муносабатлар ҳамиша сақланиб қолишига тилакдошман!”, - деб ёзди Лола ўзининг Facebookдаги саҳифасида.

Шунингдек, у ватандошларига қўллаб-қувватлаш ва давлат раҳбарининг тезда соғайиб кетишини тилаб айтган сўзлари учун миннатдорлик билдирди.

“Ушбу фурсатдан фойдаланиб, мен барчангизга Президентимизнинг тез шифо топишларини истаб билдирган самимий тилаклар ва эзгу ниятларингиз учун чин қалбимдан ўз миннатдорчилигимни изҳор этмоқчиман. Бу бизлар учун жуда аҳамиятлидир, ва ушбу ниҳоятда самимий ва дилдан чиққан тилаклар ва сўзлар отамнинг шифо топишларида ёрдам бермоқда деб ишонаман. Сизларга катта раҳмат, азизлар!”, - деб хулоса қилди у.

Янгилик билан ўртоқлашиш: