Карзай НАТО саммитида қатнашишдан бош тортди

Дата: 17:29, 28-08-2014.

Тошкент. 28 август. ЎзТАГ – Афғонистоннинг амалдаги президенти Ҳамид Карзай НАТО саммитида қатнашишдан бош тортди, деб хабар беради Афғон телеграф агентлиги (АфТАГ).

Афғонистон президентининг матбуот котиби Имал Файзининг сўзларига кўра, Ҳ.Карзай саммитга расмий таклиф олди, лекин унга боришдан бош тортди. Айни пайтда Карзай Афғонистоннинг манфаатларини саммитда янги давлат раҳбари ёки ҳукумат делегацияси тақдим этишини маълум қилди, деб хабар қилади “Толо” телеканали.

Жорий йилнинг 4-5 сентябр кунлари Уэлсда ўтказилиши режалаштирилган НАТО саммитида хорижий қуролли кучларнинг Афғонистонда яна қолиш-қолмаслиги масаласи муҳокама қилинади.

Маълумки амалдаги президентнинг АҚШ билан хавфсизлик соҳасидаги келишувни имзолашни истамаганлиги НАТО миссиясининг кейинги тақдирини режалаштириш йўлидаги асосий тўсиқ бўлиб турибди.

Афғонистон раҳбарлигига ҳозирги номзодлар - Абдулла Абдулла ва Ашраф Ғани ўзлари сайланган ҳолда келишувни имзолашга ваъда бердилар.

АҚШ ва НАТО раҳбарияти афғон томонини мамлакатдан ўз қўшинларини бутунлай олиб чиқиб кетиш хавфи ҳақида кўп маротаба огоҳлантирган бўлсаларда, ушбу муаммо ҳозирга қадар ҳал қилингани йўқ. 

Янгилик билан ўртоқлашиш: