“KDB bank Uzbekistan” ўзбек-корейс банки янги бинога кўчиб ўтди
Тошкент. 4 октябр. ЎзТАГ – Тошкентда “KDB bank Uzbekistan” ўзбек-корейс банкининг янги биносининг очилиш маросими бўлиб ўтди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Ўзбекистон Марказий банки маълумотларига кўра, банк янги биносининг очилиш маросимида Марказий банк, Ўзбекистон Банклар ассоциацияси вакиллари, акциядорлар ва Корея Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси жаноб Квон Ёнг Ву иштирок этдилар.
“Standard&Poor’s” халқаро рейтинг агентлиги банкка “барқарор” рейтинг баҳосини тақдим этган.
KDB раисининг биринчи ўринбосари жаноб Рю Хе Кёнг КДБ банк Ўзбекистон АЖ бош идорасининг тантанали очилиши маросимида “Банкимиз тўплаган бой тажрибаси ва ноу-хаулардан фойдаланиб, ишончли ҳамкор бўлиш учун келгусида ҳам бор куч-ғайратимизни сарфлаймиз”, - деб таъкидлади.
Унинг сўзларига кўра, KDB Корея иқтисодиётининг ривожланишида етакчи ўринга эга. Молия бозорининг турли, жумладан, халқаро молия, инвестиция киритиш ва лойиҳаларни молиялаш соҳаларидаги новаторлиги воситасида мамлакатнинг молия бозоридаги етакчилигини давом эттириб келмоқда.
Нутқда банкнинг Ўзбекистондаги фаолияти ҳақида тўхталар экан, икки мамлакатларнинг йирик қўшма лойиҳаларни амалга оширишда самарали ҳамкорлигига доир қатор мисоллар келтирди. Хусусан, KDB қиймати $3,9 млрдга тенг Сургил газ-кимё мажмуаси қурилишини молиялашда иштирок этмоқда.
Эслатиб ўтамизки, ҳозирги пайтда Ўзбекистонда КДБ банкнинг 2 филиали мавжуд. 1 сентябр ҳолатига кўра банк активлари 2,7 трлн сўмни, капитали эса 274 млрд сўмни ташкил этди.
$1=3028,47 сўм