Кеча Шахрисабзда таъмирдан чиқарилган Оқсарой очилди

Дата: 08:45, 02-05-2014.

Тошкент. 2 май. ЎзТАГ – Кеча Шахрисабзда Оқсарой саройининг реставрациядан кейин очилиш маросими бўлди. Тантанали маросимда Франциянинг Ўзбекистондаги элчиси Жак-Анри Эльс ва Дордонь департаменти бош кенгаши делегацияси иштирок этди, деб хабар қилади “Podrobno.uz”.
Аслида воқеа бундан тўрт йил олдин бошланган эди. Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ва Дордонь департаменти бош кенгаши иккитомонлама шартнома имзоладилар. Унда Шахрисабздаги Оқсарой объектини реставрация қилиш ва маданий меърос сифатида асраб авайлаш режалаштирилган эди. Лойиҳа ЮНЕСКОнинг Тошкентдаги ваколатхонаси томонидан қўллаб-қувватланди ва Дордонь департаменти бош кенгаши ҳамда Франциянинг Ўзбекистондаги элчихонаси томонидан молиялаштирилди.
Ишларни франциянинг “SOCRA” корхонаси археолог Селин Олланье бошчилигида амалга оширди. Натижада реставраторлар 200 кв. метр майдонда Темурийлар даврига оид ажойиб мозаика плиткасини тиклашга муваффақ бўлдилар. Бундан кейин меъморлар плитка сақланиши учун зарур шартларни таъминловчи махсус конструкцияни тикладилар.
Эслатиб ўтамизки, Оқсарой – бу Амир Темурнинг Шахрисабздаги йирик собиқ қароргоҳи ҳисобланади. Унинг қурилиши 1380 йилда бошланган ва 24 йил давом қилиб, Темурнинг ўлимигача давом этган. Сарой бир неча ҳовлилардан иборат бўлган, унинг атрофида турар жойлар ва ижтимоий мақсадлардаги хоналар билан ўралган. Хоналарга тилла суви юритилган, гуллар солинган ва оқ мармар билан қопланган бўлган.
Саройнинг мўъжизаларидан бири томда қурилган ҳовуз бўлиб, ундан доимий равишда сув оқиб турган. Саройнинг 300 йил илгари қулаб тушган бош аркаси Марказий Осиёдаги энг йирик бино бўлган. Ҳозирда ушбу улуғвор қурилишдан фақат арканинг икки алоҳида бўлаги қолган, деб ёзади агентлик.

Янгилик билан ўртоқлашиш: