Kedrion Biopharma Тошкентда гемофилияни даволаш учун дори воситасини ишлаб чиқаришни йўлга қўяди

Дата: 12:19, 29-01-2019.

Тошкент. 28 январ. ЎзТАГ – Kedrion Biopharma халқаро компанияси Тошкентда гемофилияни даволаш учун дори воситасини ишлаб чиқаришни йўлга қўяди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Тошкент шаҳар ҳокимлигидаги йиғилишда гемофилия билан касалланган беморларни даволашда фойдаланиладиган ноёб тиббий дори воситаларини ишлаб чиқариш истиқболлари муҳокама қилинди”, - дейилади пойтахт ҳокимлиги матбуот хизматининг хабарида.

Қайд этилишича, “VIII қуюқлашиши омили”ни чиқариш учун ишлаб чиқаришнинг тахминий қиймати $25 млнни ташкил этган бўлиб, бу маблағни нафақат ишлаб чиқариш объектларига, балки лаборатория хоналарига ҳам сарфлаш режалаштирилган.

Ташриф якунларига кўра, меҳмонлар қурилиш учун қулай бир неча объектларни кўришлари ва ҳамкорлик меморандумини имзолашлари режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, Kedrion гемофилия ва иммунитет танқислиги каби касалликларни даволашда ишлатиладиган плазма асосидаги дори воситаларини ишлаб чиқариш ва сотиш учун инсон қонини тўпловчи ва қайта ишловчи халқаро компания. Компания 2001 йилда Италияда ташкил этилган.

Гемофилия – сурункали қон кетиши бўлиб, қон қуйилишининг пастлиги туфайли юзага келувчи жиддий касалликдир.

Сурат манбаи: http://norheart.no

Янгилик билан ўртоқлашиш: