Келиб чиқиши Ўзбекистондан бўлган Алишер Усмонов яна Фабио Капеллонинг маошини тўлаб беришга ёрдамлашади

Дата: 09:36, 24-06-2015.

Тошкент. 24 июн. ЎзТАГ – Келиб чиқиши Ўзбекистондан бўлган россиялик миллиардер Алишер Усмонов яна футбол бўйича Россия термаси бош тренери Фабио Капеллонинг маошини тўлаб беришга ёрдамлашади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) тадбиркорнинг матбуот хизматига асосланган ҳолда.

Матбуот хизматининг utro.ru келтирган маълумотига кўра, Алишер Усмонов Россия футбол иттифоқига (РФИ) 300 млн рубл молиявий кўмак кўрсатишга қарор қилган. Ушбу сумма Иттифоқнинг маош бўйича бош тренер олдидаги қарзини бутунлай қоплайди, дейилади хабарда.

Гап шундаки, 2015 йил февралда тадбиркор РФИ Капелло олдидаги қарзини тўлаши учун 400 млн рубл ажратган эди. Ўшанда Усмонов Иттифоқнинг собиқ президенти Николай Толстыхни қаттиқ танқид қилган эди.

Эслатиб ўтамизки, 2014 йилда Алишер Усмонов “Форбс” журнали версияси бўйича Россиянинг энг бой кишиси деб топилган. Унинг бойлиги $18,6 млрд миқдорда баҳоланган. 2013 йилда Усмонов россиядаги энг асосий саҳоватпеша деб ҳам топилган.

Бундан ташқари, у 2014 йил 4 декабрда нью-йоркдаги Christie’s аукционида $4,1 млн эвазига таниқли физик Жеймс Уотсоннинг Нобель медалини сотиб олиб, уни 2015 йилнинг 17 июнида Россия фанлар академияси биносида олимнинг ўзига қайтарди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: