Кейинги 13 йилда Ўзбекистон аграр тармоқ ривожи учун $760 млндан зиёд хорижий кредитларни ўзлаштирди

Дата: 16:05, 15-02-2016.

Тошкент. 15 феврал. ЎзТАГ – 2003-2015 йиллар орасида Ўзбекистон аграр тармоқ ривожи учун $760 млндан зиёд хорижий молия муассасаларининг кредит ва грантларини ўзлаштирди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Ушбу маблағлар ҳисобига 1635 дан ортиқ турли гидротехника иншоотлари, 262 километрлик суғориш тармоқлари қурилди, 274 километрлик хўжаликлараро коллекторлар, 745 километр ички хўжалик коллекторлари ҳамда 553 километр ёпиқ-ётиқ дренажлар таъмирланди, 264 экскаватор, 51 бульдозер, 8 ер снаряди, 4 гидротурбина ва 56 йирик насос агрегати сотиб олинди”, - деб таъкидлашди Қишлоқ хўжалиги вазирлигида.

Бундан ташқари, 800 га яқин фермерлар ва қишлоқ хўжалиги корхоналарига $75 млндан зиёд имтиёзли кредит берилиши натижасида 1500 гектардан ортиқ интенсив боғ ҳамда токзорлар барпо этилиб, 200 гектардан кўпроқ майдонда иссиқхоналар қурилди. Шунингдек, умумий ҳажми 5 минг тоннадан зиёд бўлган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва қадоқлаш цехлари фаолияти йўлга қўйилди, 25 минг тонналик музлатгичлар қурилди.

Лойиҳаларнинг бир қисми ҳали амалга оширилмоқда. Улар доирасида яна $550 млн ўзлаштирилади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: