Кейинги 5 йил орасида “Тошкент” РФБ банклар акциялари билан савдонинг деярли 2 бараварга ошгани кузатилмоқда

Дата: 11:47, 03-04-2015.

Тошкент. 3 апрел. ЎзТАГ – Кейинги 5 йилда “Тошкент” Республика фонд биржасида (РФБ) банклар акциялари билан савдонинг деярли 2 бараварга ошгани кузатилмоқда, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

2015 йилнинг 1-чораги якунлари бўйича тижорат банкларининг “Тошкент” РФБ айланмасидаги улуши 95,6% ёки 52,3 млрд сўмни ташкил қилди. Агар ушбу кўрсаткични 2010 йил (49%) билан солиштирсак, кейинги 5 йилда биржа айланмасида банклар акциялари билан савдонинг деярли 2 бараварга ошганини кўрамиз”, – деб таъкидлади “Тошкент” РФБ ахборот –таҳлилий бўлими бошлиғи Ўктам Очилов.

Қайд этиш зарурки, тижорат банкларининг фонд бозорида фаоллашишига маълум сабаблар мавжуд. Чунки банклар бир вақтнинг ўзида бир неча вазифаларни бажариб, акционерлик жамияти сифатида қимматли қоғозлар чиқариши, инвесторлар сифатида РЕПО битимларини амалга ошириши, профессионал биржа аъзоси сифатида инвестиция воситачиси ва маслаҳатчилари, активларни ишончли бошқаришни амалга ошириши, трансфер-агент ва депозитарийлар сифатида хизматлар кўрсатиши мумкин.

Ушбу фаолият турлари учун банклар алоҳида лицензия олиши шарт эмас.

Янгилик билан ўртоқлашиш: