Кейинги 5 йилда Россия Ўзбекистон иқтисодиётига $6 млрддан зиёд пул тикди
Тошкент. 10 октябр. ЎзТАГ – Кейинги 5 йилда Россия Ўзбекистон иқтисодиётига $6 млрддан зиёд пул тикди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) РФ президенти матбуот хизматига асосланган ҳолда.
Хабарда таъкидланишича, Ўзбекистон Россиянинг МДҲ мамлакатлари орасидага асосий савдо-иқтисодий ҳамкорларидан биридир. Хусусан, Ўзбекистоннинг Россия билан товар айланмаси 18,5%ни ташкил этади.
Ўзбекистонда 900 дан ортиқ Россия компаниялари фаолият юритаётган бўлиб, улар орасида “ЛУКОИЛ”, “Газпром”, “ВымпелКом”, “Северстал”, “Силовые машины”, “Русал”, “Викинг”, “ВТБ”, “Внешэкономбанк” каби йирик компанияларни санаб ўтиш мумкин. Россияда Ўзбекистон капиталига очилган 541 корхона бор”, - дейилади хабарда.
Шунингдек, томонлар ёнилғи-энергетика соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришда давом этмоқдалар. Мисол ўрнида, “Лукойл”нинг “Қандим-Ховузак-Шоди-Қўнғирот” ва “Ҳисор” лойиҳаларига инвестициялари умумий ҳажми $5 млрддан зиёдни ташкил қилди. Ўз навбатида, “Газпром” “Ўзбекнефтгаз” МХК билан бирга мамлакатнинг жанубий-ғарбий қисмида жойлашган конларни ўзлаштириш бўйича фаол ҳамкорлик қилмоқда.