Кейинги йил бошидан Ўзбекистонда патронаж ҳамширалар учун 5%дан 20%гача устамалар тизими жорий этилади

Дата: 11:07, 15-12-2015.

Тошкент. 15 декабр. ЎзТАГ – Кейинги йил бошидан Ўзбекистонда патронаж ҳамширалар учун 5%дан 20%гача устамалар тизими жорий этилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Янги тизим Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 1 декабрдаги “Қишлоқ врачлик пунктларининг патронаж тиббиёт ҳамшираларини моддий рағбатлантиришни кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 350-сонли қарорига мувофиқ жорий этилмоқда. Соғлиқни-сақлаш вазирлигидан матбуот хизматининг селектор йиғилиши натижалари бўйича хабарида айтилишича, қарор ижросини таъминлаш юзасидан амалга ошириладиган чоралар” тўғрисида муассасанинг тиббий-профилактик ёрдамни ташкил қилиш бош бошқармаси бош мутахассиси Б.Одилова маъруза қилди.

Маърузада қайд этилишича, “мазкур қарор талабларидан келиб чиқиб, қишлоқ врачлик пунктлари патронаж ҳамширалари иш самарадорлигини рейтинг баҳолаш натижаларига боғлиқ равишда улар меҳнатини моддий рағбатлантириш ва тақдирлаш тизими 2016 йилнинг 1 январидан бошлаб амалиётга татбиқ қилиниши белгиланган”.

“Яъни ўзига бириктирилган ҳудудда оилаларнинг патронаж билан тўлиқ қамраб олинишини таъминлайдиган ва ўз фаолиятида ижобий якуний натижаларга, шу жумладан, касалликларни камайтиришга, болалар ва оналар ўлимига барҳам беришга эришган патронаж тиббиёт ҳамшираларига тариф ставкасининг 5%дан 20%гача миқдорда ҳар ойлик шахсий устама белгилаш кўзда тутилган”, - деб давом эттирилади хабарда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: