Кейинги йилда Тошкентда Халқаро тиббиёт университети очилади
Тошкент. 9 октябр. ЎзТАГ – 2019-2020 ўқув йилида Тошкентда Халқаро тиббиёт университетини очиш режалаштирилмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Ушбу қарор сентябр охирида Инчон шаҳрида AKFA Medline (Ўзбекистон) кўп тармоқли тиббиёт маркази вакилларининг Жанубий Кореядаги етакчи олийгоҳлардан бири ҳисобланган Гачон тиббиёт университети раҳбарияти билан музокаралар доирасида маълум бўлди.
Учрашув давомида томонлар Тошкентда келаси йили очилиши кутилаётган ОТМнинг тафсилотларини муҳокама қилишди. Музокаралар якунига кўра AKFA Medline тиббиёт маркази ва Гачон тиббиёт университети ўртасида келишув имзоланди.
AKFA Medlineдан хабар қилишларича, тиббиёт университетида дарслар инглиз тилида олиб борилиши ва таълим давомийлиги 6 йилни ташкил этиши белгиланди.
Эслатиб ўтамиз, 25 май куни Гачон университетининг Гил госпитали раҳбарияти вице-президенти Мюнг Хи Чунг бошчилигидаги делегация AKFA Medline тиббиёт марказига ташриф буюрган эди. Тошкентда томонлар ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида шартнома имзоланган ва Гачон университетининг янги ўқув муассасасини зарур барча ўқув дарсликлар ва дастурлар билан таъминлашга кўмаклашга ваъда берган эди.
Сурат манбаи: из https://nuz.uz