Халқаро банк форумида Ўзбекистон банк соҳасидаги вазият муҳокама қилинди
Тошкент. 2 декабр. ЎзТАГ – Тошкентдаги “SAIPRO” ахборот рейтинг агентлиги ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан ташкил этилган IV Халқаро банк форумда Ўзбекистон банк соҳасидаги вазият муҳокама қилинди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Унда тижорат банклари, ўндан зиёд мамлакатдан аудиторлик ва молия ташкилотлари, халқаро рейтинг агентликлари вакиллари қатнашдилар.
“Тадбирда Ўзбекистон банк тизимининг бугунги ҳолати, уни ривожлантиришнинг устувор вазифалари, замонавий хизматлар кўламини кенгайтириш, иқтисодиёт тармоқларига хориж сормояларни жалб этишда маҳаллий тижорат банклари иштирокини таъминлаш, соҳа вакиллари ўртасида тажриба алмашиш ҳамда алоқаларни янада мустаҳкамлаш, замонавий банк ва молия хизматларидаги тамойиллар каби масалалар ва бошқалар муҳокама қилинди”, - дейилади Ўзбекистон Республикаси Марказий банки сайтидаги хабарда.
Хусусан, форум иштирокчиларининг чиқишларида Ўзбекистон молия-банк тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар самараси амалда ижобий натижа бераётгани қайд этилди.
Хусусан, жорий йилинг 9 ойида банклар ялпи капитали ўсишининг 23,9%, активларининг 27,4% ўсиши ижобий динамикаси қайд этилди. Банк тизими капиталининг етарлилик даражаси халқаро талабларга нисбатан қарийб уч баробар зиёддир, банк тизимининг жорий ликвидлик даражаси жаҳон амалиётида умумқабул қилинган минимал кўрсаткичдан икки баробар ортиқдир. Айни пайтда банкларнинг иқтисод реал тармоғини кредитлаш ҳажми 30,1% ўсди, инвестициялар учун берилган узоқ муддатли кредитлар 79,7% ўсди.
Бундан ташқари, тадбирда иштирокчилар банк назорати соҳасини халқаро стандартлар бўйича такомиллаштириш, давлат ва корпоратив даражада лойиҳа молиялаштиришини ривожлантириш, иқтисодиёт баъзи тармоқларини кредитлаш, банкларда АКТ жорий этиш, аҳоли молиявий саводхонлигини ошириш соҳаларида тажриба алмашдилар.
“Ташкилотчи ва иштирокчиларнинг таъкидлашича, форумнинг ўтказилиши долзарб масалаларни муҳокама қилиш, тажриба алмашиш, алоқаарни кенгайтириш учун кенг имкониятлар яратди ва Ўзбекистон банк тизимининг ривожига хизмат қилди”, - дейилади хабарда.