Халқаро суратлар конкурсига жўнатилган ишлар учун овоз бериш август охиригача давом этади

Дата: 11:17, 25-08-2017.

Тошкент. 25 август. ЎзТАГ – Иқлим ўзгариши ва озон қатламини ҳимоя қилиш масалаларига бағишланган Халқаро суратлар конкурсига жўнатилган, шу жумладан, Ўзбекистондан юборилган ишлар учун овоз бериш 30 августгача давом этади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ўзбекистон Табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси маълумотларига кўра, энг яхши ишлар 11 сентябрда эълон қилиниб, конкурс ғолибларининг суратлари махсус кўргазмада намойиш этилади.

Конкурс айни дамда овоз беришнинг иккинчи босқичига ўтди. Ташкилотчилар 2 номинацияда бутун дунёдан 285 суратлар олишди. 

Истаган киши http://voting.envcontest.uz манзилига ўтиб, ўзига ёққан ишлар учун овоз бериши мумкин. Ҳар бир тоифа бўйича бир ишга бир марта овоз бериш мумкин.

 Масалан, Бангладешлик иш жанубий Ҳиндистон ва Бангладеш ҳудудига тушиб, 150 кишини ҳаётдан олиб кетган “Аила” циклонидан кейин маҳаллий аҳоли ҳаётидан бир саҳнани намойиш қилади.

Тупроқнинг деградациясини ҳам иқлим ўзгарининг бир “совғаси” дейиш мумкин. Ўзбекистондан юборилган ишларда қурғоқчилик ва тупроқдаги салбий ўзгаришларни кузатиш мумкин. Суратлардан бири республикада энг унумдор жойи саналган Фарғона водийсида олинган.

Озон мавзусида ҳам кўплаб қизиқарли ишлар юборилган. Уларда муаллифлар озон қатламининг асосий емирувчилари бўлган музлатгич ва кондиционерларни кўрсатиб берганлар. Шунингдек, иштирокчилар озондан хавфсиз фреон жорий этилган корхоналарнинг суратлари билан ҳам ўртоқлашганлар.

Янгилик билан ўртоқлашиш: