Халқаро туризм ривожланишининг асосий шарти хавфсизлик ва барқарорликдир – Ислом Каримов

Дата: 13:35, 03-10-2014.

Тошкент. 3 октябр. ЎзТАГ – Халқаро туризм ривожланишининг асосий шарти хавфсизлик ва барқарорликдир, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) Ислом Каримовнинг БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти Ижроия кенгаши 99-сессиясининг очилиш маросимидаги нутқига асосланган ҳолда.

“Халқаро туризмни ривожлантириш ва унинг самарадорлигини белгилайдиган энг муҳим омиллар, ҳеч шубҳасиз, бутун дунёда, турли минтақаларда, сайёҳларни қабул қиладиган ҳар бир давлатда тинчлик, хавфсизлик, сиёсий ва иқтисодий барқарорликни таъминлашдан иборат бўлиб қолмоқда. Халқаро терроризм ва экстремизм, тобора авж олиб бораётган радикализм, маҳаллий урушлар ва бир жойдан иккинчи жойга боришда хатарлар пайдо бўлаётгани туризмни ривожлантириш борасидаги ҳар қандай саъй-ҳаракатни йўққа чиқарадиган тўсиққа айланганини исботлаб ўтиришнинг ҳожати йўқ ва биз буни аниқ мисолларда кўряпмиз”, – деб таъкидлади Ислом Каримов.

“Ана шу сабаблар оқибатида кечагина туризм гуркираб ривожланган мамлакатларда бугун сайёҳлар оқими кескин камайгани ёки бутунлай тўхтаб қолгани ҳақида мисоллар келтиришнинг зарурати бўлмаса керак – ҳамиша, таъбир жоиз бўлса, сайёҳлар оқимининг чорраҳаси бўлиб келган айрим Яқин Шарқ мамлакатлари мисолида буни кўриб турибмиз. 
Ўзингиз қаранг, Сурия ва Ироқда, дунёнинг энг қадимий шаҳарларидан бири бўлган, бизнинг аждодларимиз, масалан, Муҳаммад Хоразмий фаолият кўрсатган, “Байтул ҳикма”, яъни “Ҳикматлар уйи” деб ном олган жаҳондаги биринчи академия ташкил этилган Бағдодда бугунги кунда туризм борми? Ҳозирги вақтда Бағдод қандай аҳволда, Дамашқ ва бу минтақадаги бошқа шаҳарлар қандай аҳволда? Бундай ҳолатнинг сабаби эса фақат битта: аввалги ёдгорликлар, музейлар сақланиб қолган, аммо сайёҳлар учун кафолат йўқ, хавфсизлик йўқ. Тинчлик ва хавфсизлик бўлмаган жойда эса ҳеч қандай сайёҳлик бўлиши мумкин эмас. Бу ёдгорликларни кўриш учун ким жонини хавф-хатарга қўяди? Агар ана шу нуқтаи назардан қарайдиган бўлсак, бугунги кунда тинчлик-осойишталик ва турли халқлар ўртасидаги ўзаро бир-бирини тушуниш қандай ҳал қилувчи омил эканини барчамиз яхши биламиз”, – деб таъкидлади ўзбек давлати раҳбари.

Янгилик билан ўртоқлашиш: