Халқ таълими вазири виртуал қабулхона очди

Дата: 16:57, 30-11-2016.

Тошкент. 30 ноябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон Халқ таълими вазири Улуғбек Иноятов виртуал қабулхонасини очди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) вазирлик сайтига асосланган ҳолда.

Хабар берилишича, Халқ таълими вазирининг виртуал қабулхонаси “фаолиятининг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлаш, ҳамюртларимизнинг соҳага оид таклиф, мулоҳаза ва аризаларини зудлик билан кўриб чиқиш, қолаверса, тизимда олиб борилаётган ислоҳотлар борасида жамоатчилик фикрини ўрганиш мақсадида” очилган.

“Фуқаролар Халқ таълими вазирлигига Халқ таълими вазирининг виртуал қабулхонаси, 10-06 “Ишонч телефони” ва [email protected] электрон почта манзили орқали мурожаат қилиш ва қисқа муддат ичида ўз саволларига жавоб олиш имкониятига эга.

Эслатиб ўтамизки, Ўзбекистонда биринчи виртуал қабулхонани мамлакат президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев очган эди.

Кейинчалик Давлат рақобат қўмитасининг раиси Даврон Ҳидоятов, ТИВ раҳбари Абдулазиз Камилов, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазири Хуршид Мирзохидов, молия вазири Рустам Азимов, Марказий банк раиси Файзулла Мулложонов, “Қишлоққурилиш банк” ўз виртуал қабулхоналарини очдилар.

Янгилик билан ўртоқлашиш: