Халқ таълими вазирлиги Ўзбекистонда тожик мактабларининг ёпилиши ҳақидаги миш-мишларга раддия берди
Тошкент. 26 январ. ЎзТАГ – Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги мамлакатда тожик мактабларининг ёпилиши ҳақидаги миш-мишларга раддия берди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Баъзи ОАВда “Ўзбекистон тожиклари тожик мактабларининг ёпилиши эҳтимолидан ташвишга тушди” номли бир қатор мақолалар эълон қилинди. Унда Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги таълим тожик тилида олиб бориладиган мактаблар ёпилиши мумкинлигидан аҳоли хавотир билдирилганлиги айтиб ўтилган. Халқ таълими вазирлиги бундай миш-мишларнинг асоссизлигини маълум қилади”, - дейилади муассаса матбуот хизматининг хабарида.
Вазирлик маълумотларига кўра, бугунда республикада 245та умумтаълим мактабида таълим тожик тилида олиб борилмоқда. Уларда 62 минг нафар ўқувчи таълим олади, 5755 нафар ўқитувчи меҳнат қилади. Хусусан, Бўстонлиқ туманидаги 8та умумтаълим мактабида 886 нафар ўқувчи ўқийди.
Эслатиб ўтамизки, олдинроқ Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ тумандаги бешта тожик тилли қишлоқ аҳолиси Тожикистон ва Ўзбекистон президентлари номига мурожаат қилиб, тожик тилли педагоглар тақчиллиги масаласини ҳал қилишда кўмак сўраган эди. Аҳоли фикрига кўра, чунки уларсиз тожик тилли мактабларнинг фаолият юритишининг ўзи қийин бўлиб қолади.
Сурат манбаи: https://www.norma.uz/qonunchilikda_yangi/halq_talimi_vazirligining_vazifalari_va_tuzilmasiga_tuzatish_kiritildi