ЎХДП ЎзЛиДеПни сайловларда тенг шартларга риоя қилмаганликда айблади
Тошкент. 24 декабр. ЎзТАГ – Ўзбекистон Халқ демократик партияси (ЎХДП) Марказий кенгаши раиси Ҳотамжон Кетмонов Тошкентда парламент қуйи палатасига сайловлар якунларига бағишланган брифинг ўтказди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“ЎХДП ўз олдига катта мақсадлар қўйган бўлиб, уларни амалга оширишда партия қонун талабларига мувофиқ тарғибот ишларини ўтказиб келди. Аммо Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан фарқли равишда бошқа сиёсий партиялар томонидан эркин сайловларнинг асосий принциплари бўлган қонунийлик ва адолатпарварлик принципларига риоя қилмаслик ҳоллари кузатилди. Хусусан, ЎзЛиДеП тарғибот тадбирларини ўтказишда тенг шартларга риоя қилмади”, – деб таъкидлади Ҳотамжон Кетмонов.
Шунингдек, брифингда ЎХДП кенг жамоатчиликни ахборий жиҳатдан ҳар томонлама қамраб олиш бўйича мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдалана олмагани ҳам қайд қилинди. Холбуки аъзолар, тарафдорлар ва бошланғич партия ташкилотлари сони бўйича бўлган устунликлар бунга имкон берар эди.
Кетмоновнинг сўзларига кўра, 2015 йилнинг 4 январида қатор округларда қайта сайлов бўлиб ўтиши кутилмоқда. “Партия уларга жиддий тайёрланади ва ўз натижаларини яхшилашга ҳаракат қилади”, – деди у.
Эслатиб ўтамизки, МСК томонидан 22 декабрда эълон қилинган дастлабги маълумотларга кўра, ЎХДП парламент қуйи палатасида 21 ўринни олган.