Хелсинкида ўзбек-фин ҳамкорлигининг истиқболли йўналишлари муҳокама қилинди

Дата: 14:41, 26-10-2016.

Тошкент. 26 октябр. ЎзТАГ – Кеча, 25-октябр куни Хелсинки шаҳрида Ўзбекистон ва Финляндия ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувларнинг еттинчи раунди бўлиб ўтди, деб хабар қилади Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати.

Хабар берилишича, Финляндия делегациясига ТИВнинг Россия, Шарқий Европа ва Марказий Осиё ишлари бўйича департаменти Бош директори Маимо Ҳенрикссон бошчилик қилди.

“Маслаҳатлашувларда сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамда Ўзбекистон-Европа Иттифоқи шаклидаги, БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорликнинг ҳолати ва уни ривожлантиришнинг истиқболли йўналишлари батафсил муҳокама қилинди”, - дейилади муассаса хабарида.

Учрашувда томонлар ўзаро алоқаларни нафақат давлатлараро даражада, шунингдек бизнес, фан, таълим ва маданият муассасалари ўртасида ҳам фаоллаштиришга қизиқиш мавжуд эканлигини таъкидладилар.

Шунингдек, фин томони 21-октябрда имзоланган “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармонининг асосий қоидалари ҳақида Финландия томонига тушунтирилди ва ушбу ҳужжат мазкур соҳадаги давлат сиёсатини янги сифатли босқичга кўтарилгани таъкидланди.

Учрашувда ўзаро савдо ва инвестицион ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. “Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016-йил 5-октябрдаги “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони Финландия томонида катта қизиқиш уйғотди”, - деб таъкидланади хабарда.

Маслаҳатлашувлар давомида Ўзбекистон-Финландия кун тартибининг бошқа масалалари ҳам кўриб чиқилди.

Музокараларда Финляндиянинг Ўзбекистондаги элчиси Никлас Линдквист иштирок этди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: