Хитой Давлат тараққиёт банки Ўзбекистон миллий операторини жиҳозлаш учун $35 млн ажратади
Тошкент. 19 сентябр. ЎзТАГ – Хитой Давлат тараққиёт банки Ўзбекистон миллий мобил операторини жиҳозлаш учун $35 млн ажратади, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Жорий йил охирига қадар қиймати $35 млнлик лойиҳанинг биринчи босқичини амалга ошириш бошланади. Лойиҳани Хитой Давлат тараққиёт банки молия билан таъминлайди. Бунга доир келишув жорий йил августида имзоланган эди. $35 млнлик ускуналарни йил охиригача олиб келиш мўлжалланмоқда. Миллий мобил алоқа операторини яратиш бўйича лойиҳанинг умумий қиймати тахминан $500 млн атрофида баҳоланмоқда”, – деб таъкидлади Ўзбекистон Республикаси Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникацион технологиялари давлат қўмитаси раиси ўринбосари Алишер Файзуллаев.
Шунингдек, мамлакат сентябр охирида оператор учун ускуналар етказиб бериш бўйича қўшимча тендер ўтказишни ҳам режалаштирмоқда. Унда хитойнинг ZTE ва Huawei ҳамда Nokia фин компаниялари қатнашадилар.
Эслатиб ўтамизки, Ўзбекистонда “Uzmobile” CDMA-оператори асосида GSM стандартида ишловчи миллий мобил алоқа операторини яратиш лойиҳасини амалга ошириш ишлари давом эттирилмоқда.