“Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон” темир йўл магистрали лойиҳасини амалга ошириш тезлаштирилади

Дата: 12:31, 18-12-2017.

Тошкент. 18 декабр. ЎзТАГ – “Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон” темир йўл магистралини қуриш Ўзбекистон ва Қирғиз Республикасининг туб манфаатларига тўла жавоб беради, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу ҳақида икки мамлакат президентларининг Қирғизистон Республикаси Президенти Сооронбай Жээнбековнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан 13-14-декабр кунлари Ўзбекистонга расмий ташрифи якунлари бўйича қўшма баёнотида гапириб ўтилган.

Йўлнинг тезкор қурилиши минтақадаги энг кўп фойда келтирадиган ва самарали транзит йўлаги сифатида Марказий Осиёнинг жозибадорлигини оширишга кўмаклашиши таъкидланган.

Шу муносабат билан томонлар мазкур лойиҳани тезроқ амалда татбиқ қилиш бўйича биргаликдаги ишларни фаоллаштиришга келишиб олдилар. 25 декабрда мамлакатлар ишчи гуруҳларининг мазкур масала юзасидан учрашуви режалаштирилган.

Минтақа транспорт йўналишларини диверсификация қилишда муҳим омиллардан бири ҳисобланадиган “Тошкент–Андижон–Ўш–Иркештом–Қошғар” йўналиши бўйича 2017-йил 30-октябрдан 3-ноябрга қадар ташкиллаштирилган халқаро синов автосафарига юқори баҳо берилди.

Томонлар минтақада юк ташиш ҳажмини янада ошириш мақсадида мазкур транспорт йўлаги бўйича мунтазам ташувларни тезроқ йўлга қўйишдан ўзаро манфаатдор эканликлари эътироф этилди.

Томонлар икки мамлакат шаҳарлари ўртасида автобус, темир йўл ва янги авиа қатновларни ташкил қилиш Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасида йўловчи ва сайёҳлар оқимини кўпайтиришга кўмаклашишини қайд этадилар.

 

Сурат манбаи: фото из открытых источников

Янгилик билан ўртоқлашиш: