Хитой компанияси Самарқандга карвонсаройлар қуриш учун $100 млн сармоя киритишга тайёр

Дата: 17:31, 17-07-2019.

Тошкент. 17 июль. ЎзТАГ – Хитой компанияси карвонсаройларни яратиш учун Самарқандга $100 млн сармоя киритишга тайёр, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу ҳақда Тошкент шаҳрида Хитойнинг «BES Cultural Tourism Group» компанияси вакиллари билан туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси биносида бўлиб ўтган учрашувда сўз юритилди.  

"Учрашув давомида Хитой томонидан туризм соҳасининг устувор йўналишларига, хусусан, "Ипак йўли олтин туристик коридори бўйлаб карвонсаройлар" барпо этиш лойиҳасига сармоя киритишдан манфаатдор экани таъкидланди. Ушбу архитектура-қурилиш лойиҳаси Хитой ва Марказий Осиёнинг бир қатор шаҳарларида (жами 30 нуқта) сайёҳлик пунктларини қуриш, шунингдек, қўшма инвестиция фондини ташкил этишни назарда тутади", - дейилади Давлат туризм қўмитаси хабарида.

Таъкидланганидек, компания вакиллари Давлат туризм қўмитаси раҳбарияти билан янада музокаралар олиб бориш ва ўзаро англашув меморандумини имзолашдан манфаатдор эканликларини билдирдилар, шунингдек, қўмита вакилларини 2019 йил 10-12 сентябрь кунлари Хитойнинг Сиан шаҳрида (Шеньси провинцияси) бўлиб ўтадиган халқаро иқтисодий форумга таклиф этдилар.

Ўз навбатида, хорижий томонга 29-30 август кунлари Жиззах шаҳридаги халқаро инвестиция форумида иштирок этиш таклиф этилди, унинг доирасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги битимни кўриб чиқиш ва имзолаш имконияти бўлади.

Бундан ташқари, Самарқанд вилояти ҳокимлиги (маъмурияти)да Хитой компаниясининг бош директори бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди.

"Учрашув давомида меҳмонлар замонавий карвонсаройларни барпо этиш бўйича ҳам худди шундай ташаббусни илгари сурдилар. Самарқанднинг замонавий карвонсаройларида ресторанлар, меҳмонхоналар, савдо ва эсдалик дўконлари, ахборот киоскалари жойлашган. Ушбу лойиҳани амалга ошириш учун Хитой томони Самарқандга $100 млн сармоя киритишга тайёрлигини маълум қилди", – дейилади хабарда.

Делегация аъзолари билан учрашув якунида таълим соҳасидаги келгусидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Сурат манбаи: uzbektourism.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: