Хитой Ўзбекистон билан божхона статистикаси тажрибасини ўртоқлашди
Тошкент. 10 июл. ЎзТАГ – Ўзбекистон давлат органлари вакиллари Хитойда божхона статистикаси масалалари бўйича ташкил эталган семинарда қатнашдилар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Ўқув Пекин, Шанхай ва Сучжоу шаҳарларида 10-30 июн орасида ўтказилди.
Давлат статистика қўмитаси маълумотига кўра, семинар ХХР Тижорат Вазирлиги ва Халқаро бизнес ва иқтисодиёт университети томонидан ташкил қилинди.
Семинарда Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси ва Давлат статистика қўмитаси вакиллари иштирок этишди.
Семинар доирасида қуйидаги мавзулар бўйича масалалар ёритилди: ХХР божхона тизими, ХХР иқтисодиётининг умумий ҳолати, “Бир минтақа – бир йўл” лойиҳаси, тажрибавий эркин савдо зоналарни ташкил этиш бўйича ХХРнинг савдо моделига ўтишга доир тадқиқотлар, трансчегаравий электрон тижорат, Хитой Халқ Республикаси маданияти ва санъати, ХХР ва Ўзбекистан Республикаси ўртасидаги ўзаро ташқи савдо алоқалари статистикаси.
Шунингдек, семинар давомида ушбу соҳада Хитой Халқ Республикаси тажрибаси, ютуқлари, келгусидаги режалари ҳамда тараққиёт дастурлари намойиш этилди ва муҳокама қилинди.