Хитой Ўзбекистонга $9 млрдлик кредит, грантлар ва беғараз ёрдам кўрсатди

Дата: 17:02, 27-07-2017.

Тошкент. 27 июл. ЎзТАГ – 25 йилда Хитой Ўзбекистонга $9 млрдлик кредит, грантлар ва беғараз ёрдам кўрсатди, деб хабар беради UzDaily.uz нашри ХХРнинг Ўзбекистондаги элчихонасининг савдо-иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчиси Цзинь Юйлунга асосланган ҳолда.

Унинг сўзларига кўра, 25 йил ичида Ўзбекистон Хитойнинг имтиёзли ва тижорий кредитлари ҳисобидан электроэнергетика, кўмир қазиб олиш саноати, гидроэнергетика, кимё саноати, авиақатнов, темир йўл транспорти ва бошқа соҳаларда 60дан ортиқ лойиҳани амалга оширди ёки оширмоқда.

Шу билан бирга, деб қўшимча қилади Цзинь Юйлун, ушбу маблағлар ҳукумат линияси бўйича тақдим этилган ва Хитой ишбилармон доиралари сармояларини ҳисобга олмайди.

Шунингдек, у Хитой Ўзбекистонга Ангрен-Поп темир йўл туннели, Ангрен ИЭСда янги энергоблокни қуриш, Қўнғирот сода заводи қувватларини кенгайтириш каби йирик лойиҳаларни амалга ошириш учун маблағлар тақдим этганлигини эслатди.

Томонлар ҳозирда Ангрен шина заводи, PVC ишлаб чиқариш мажмуи, “Дўстлик” 1, 2 и 3 насос станциялари, Шарғун кўмир шахтаси ва бошқа лойиҳаларни биргаликда амалга оширишмоқда.

Цзинь Юйлуннинг маълумотларига кўра, Хитой томони Ўзбекистонга таълим, тиббиёт, божхона, маданият, қишлоқ хўжалиги, гидроиншоотлар, хавфсизлик ва бошқа соҳаларда 40 та лойиҳани амалга ошириш учун беғараз ёрдам кўрсатди.

У бугунги кунда ХХРнинг Ўзбекистонга инвестициялари умумий ҳажми $7,8 млрддан кўпроқни ташкил этади. Ўзбекистон ҳудудида Хитойнинг 700дан ортиқ корхона ва қўшма корхоналари халқ хўжалигининг турли соҳаларида фаолият юритмоқда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: