Хитой Ўзбекистонга қиймати $45 млнлик 10 юк электровози етказиб беради

Дата: 17:25, 27-11-2014.

Тошкент. 27 ноябр. ЎзТАГ – Хитойнинг CNTIC ва CNR DLRC консорциуми “Ўзбекистон темир йўллари” давлат-акционерлик темир йўл компанияси билан қиймати $45 млнлик 10 юк электровози етказиб бериш ҳақида шартнома тузди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) “Ўзбекистон темир йўллари” бошқаруви раиси Очилбой Роматовга асосланган ҳолда.

“Олинаётган локомотивлар Ўзбекистон марказини мамлакат шарқий қисми билан уловчи янги линияда ишлатилади”, – деб хабар қилди Роматов. Локомотивлар 2015 йил охирига қадар етказиб берилади. Шартномани молиялаштириш Хитой Эксимбанки кредити ҳисобига амалга оширилади.

Эслатиб ўтамизки, 2013 йил декабрда CNTIC ва CNR DLRC консорциуми “Ўзбекистон темир йўллари”га 11 юк электровози етказиб беришни якунлади. Қиймати $44,4 млнлик шартнома Хитой Эксимбанкининг $42 млн кредити ва компаниянинг ўз маблағи ҳисобига молиялаштирилди.

Кейинги ўн йилда “Ўзбекистон темир йўллари” Хитойдан $150 млнга 23 юк ва 15 пассажир электровозлари сотиб олди. Ўзбекистон темир йўлларининг узунлиги 4,2 минг км бўлиб, бундан 1,1 минг км электрлаштирилган. Мамлакат юкларининг тахминан 60% ва экспорт юклари ташувининг 80% темир йўллар ҳисобига тўғри келади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: