Хитойнинг CAMC компанияси Ўзбекистонда ПВХ заводини қуради

Дата: 16:38, 20-08-2014.

Тошкент. 20 август. ЎзТАГ – Хитойнинг CAMC Engineering компанияси “Навоиазот” ОАЖ базасида қуввати йилига 100 минг тонна поливинилхлорид (ПВХ), 75 минг тонна каустик сода ва 300 минг тонна метанол ишлаб чиқаришни йўлга қўяди, дея хабар қилади Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу ҳақидаги маълумот РИА Новости томонидан хитой компанияси вакилига асосланган ҳолда тарқатилди.

Унга кўра CAMC Engineering “Ўзкимёсаноат” ДАК билан ПВХ ишлаб чиқариш бўйича мажмуани қуришга доир $439,8 млнлик шартнома имзолаган. Лойиҳа муддати - 36 ой.

Май ойида “Ўзкимёсаноат” ДАК 2013 йилда тендерни ютиб олган хитойнинг CNCEC компанияси билан шартнома имзолай олмагани маълум бўлди. Шу сабабли ўзбек томони тендернинг бошқа иштирокчилари билан музокаралар олиб борди.

“Ўзкимёсаноат” ДАК ушбу лойиҳани амалга оширишга беш йил давомида ҳаракат қилди. Унга россиянинг “Каустик”, кореянинг ISU Corp. ва БАА тегишли Mubadala Development компаниялари ҳам жалб қилинган эди.

Эслатиб ўтамизки, “Навоиазот” Ўзбекистондаги энг йирик кимё корхонаси бўлиб, 1964 йилда ишга туширилган. Завод азот ўғитлар, нитрон тола ҳамда бошқа органик синтез маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: