Хива ва Авила биродарлашган шаҳарларга айланиши мумкин
Тошкент. 22 январ. ЎзТАГ – Ўзбекистоннинг Хива ва Испаниянинг Авила шаҳарлари биродарлашган шаҳарларга айланиши мумкин, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) Ўзбекистон Республикаси Давлат туризм қўмитасининг матбуот хизматига асосланган ҳолда.
“Ўзбекистон делегацияси Испанияга сафарининг дастлабки кунида тарихий Авила шаҳрига ташриф буюрди”, - дея таъкидлади туризм қўмитаси хабарида.
Хива ҳокими Эркин Ёқубовнинг сўзларига кўра, Хива ва Авила биродарлашган шаҳарлар бўлиши мумкин, икки тарихий марказларнинг маъмуриятлари ўртасида музокаралар бўлиб ўтмоқда.
“Биз Авила ва Хива шаҳарлари ўртасида жуда кўп умумий нарсалик кўрдик. Ҳар иккала шаҳар ҳам қалъадир. Авила 1985 йилда, Хива 1989 йилда ЮНEСКОнинг бутунжаҳон маданий меъроси рўйхатига кирган. Қалъа шаҳарларга дарвоза орқали кириш мумкин Авила уларнинг сони 6та, Хивада 4та. Бизда тупроқ девор бўлса, уларда тош девор. Шу билан бирга, Хива аҳолиси Авила шаҳридан 1,5 бараварзиёд: навбати билан 89 минг ва 53 минг киши. Авиланинг тарихий меросни сақлаб қолиш ва сайёҳларни жалб қилиш тажрибаси диққатга сазовор. Испан ҳамкорлар сайёҳликни ривожлантиришда шериклик ва ҳамкорликка катта қизиқиш билдирмоқда”, - деди Э.Ёқубов.
Эслатиб ўтамизки, Ўзбекистон делегацияси энг йирик FITUR-2018 сайёҳлик ярмаркасида иштирок этиш учун 15 январдан 22 январгача Испанияда бўлди. Делегация таркибига Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Хоразм вилояти, Хива шаҳри ва Ҳазорасп ҳокимликлари ва Испанияга сайёҳларни юбориш билан шуғуланувчи туркомпаниялар вакиллари кирдилар.
Сурат манбаи: https://www.dreamstime.com/stock-photo-avila-castle-walls-ancient-medieval-city-castile-spain-swallows-described-as-most-th-century-town-image56296464