Хивада “Рақс сеҳри” фестивали бўлиб ўтади

Дата: 09:21, 06-07-2016.

Тошкент. 6 июл. ЎзТАГ – 15-17 июл кунлари Хивада “Рақс сеҳри” халқаро рақс фестивали бўлиб ўтади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) “Ўзбектуризм” МК матбуот хизматига асосланган ҳолда.

“Бўлажак фестивалда хорижий рақс жамоалари ҳамда Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидан рақс гуруҳлари ва ансамблларининг иштирок этиши кўзда тутилмоқда. Тадбир меҳмонлари орасида Ўзбекистонда рўйхатга олинган дипломатик корпус вакиллари ҳамда хорижий сайёҳлик ширкатлари вакиллари бор”, - дейилади хабарда.

Жумладан, фестивалда “Ўзбекистон” (Тошкент), “Айқулаш” (Қорақалпоғистон) ва “Хоразм рақс” (Хоразм вилояти) жамоалари иштирок этадилар.

Бундан ташқари, Бадиий академия “Ўзбекрақс” бирлашмаси билан биргаликда “Ўзбекистон рақс санъати тарихи” фотокўргазмасини ташкил этади.

Шунингдек, фестиваль доирасида маҳорат дарслари ва ижодий учрашувлар, бадиий ва ҳаваскор жамоалар чиқишлари, театрлаштирилган томошалар, қўғирчоқ театрлари чиқишлари, миллий либослар паради ўтказилади, арт-бозор ва миллий таомлар фестивали ташкил этилади.

Тадбирдан кўзланган асосий мақсад – меҳмонларни Ўзбекистоннинг ноёб маданий тарихий ёдгорликлари ва қадимий урф-одатлари билан таништиришдан иборатлиги таъкидланган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: