Хивада “Рақс сеҳри” фестивали бўлиб ўтади
Хива. 30 август. ЎзТАГ – 7-9 сентябр кунлари Хива шаҳри – очиқ осмон остидаги музейда “Рақс сеҳри” фестивали бўлиб ўтади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Фестивал ташкилотчилари Ўзбекистон Республикаси маданият вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Хоразм вилоят хокимиятидир.
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси маълумотларига кўра, фестивалда дунёнинг рақс жамоалари ўз маҳорати, ўз халқларининг санъати жанрлари, услублари ва ўзига хосликларини намоён этадилар.
Фестивал доирасида бадиий ва хаваскор жамоаларнинг чиқишлари, театрлашган томошалар, кўғирчоқ театрларининг чиқишлари, миллий либослар намойиши ўрин олган.
Шунингдек, тадбирда миллий таомлар фестивали, “Ўзбекистоннинг рақс санъати тарихи” фото-кўргазмаси, АРТ-бозор, хунармандлар кўргазмаси, миллий ўйинлар (қўчқорлар уруши ва миллий кураш мусобақалари), анимацион шоулар, гала-концерт ҳам бўлиб ўтади.
Фестивалда Ўзбекистон вилоятларидан бўлган рақс жамоаларидан ташқари Америка, Канада, Ҳиндистон, Испания, Германия, Франция, Кореядан ҳам жамоалар иштирок этади.