Хизматлар соҳаси Ўзбекистон ЯИМ ўсишининг ярмидан кўпини таъминлади

Дата: 17:56, 28-01-2016.

Тошкент. 28 январ. ЎзТАГ – 2015 йилда хизматлар соҳаси Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) ўсишининг ярмидан кўпини таъминлади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ушбу маълумотлар мамлакат президентининг Вазирлар Маҳкамасидаги 2016 йил 15 январдаги маърузасида келтириб ўтилди.

2015 йил якунлари бўйича хизматлар соҳасининг ЯИМ улуши 2010 йилдаги 49% қарши ўлароқ 54,5% етди.

Ушбу соҳада аҳолининг ярмидан кўпи меҳнат қилади.

“Ўтган йили иқтисодиётимизни таркибий ўзгартириш ва диверсификация қилишни чуқурлаштириш, бандликни таъминлаш, одамларимизнинг даромади ва ҳаёт сифатини оширишнинг муҳим омил ва йўналишларидан бири тариқасида хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини жадал ривожлантириш борасидаги тизимли ишлар изчил давом эттирилди”, - деб таъкидланади маърузада.

Банк, суғурта, лизинг, консалтинг ва бошқа турдаги бозор хизматлари барқарор суръатлар билан ривожланмоқда, улар хусусий сектор ва кичик бизнес ривожига хизмат қилмоқда. Хизмат кўрсатиш соҳасида 80,4 минг кичик бизнес субъекти фаолият юритмоқда ва бу хизмат кўрсатиш соҳаси корхоналари умумий сонининг 80%дан ортиғини ташкил қилади.

“Қишлоқ ва туманларимизда хизмат кўрсатиш соҳасини изчил ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Қишлоқ жойларда хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини янада жадал ривожлантириш дастури доирасида сўнгги уч йилда 22,8 мингдан ортиқ лойиҳа амалга оширилди, кўрсатилаётган хизматлар ҳажми 1,6 баробар, қишлоқда бир кишига тўғри келадиган хизматлар ҳажми 1,5 баробар ошди”, - дейилади маърузада. 

Янгилик билан ўртоқлашиш: