ХХР раисининг Ўзбекистонга расмий сафари Бухарога ташриф буюришдан бошланди

Дата: 11:34, 22-06-2016.

Тошкент. 22 июн. ЎзТАГ – Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпиннинг Ўзбекистонга давлат расмий сафари Бухарога ташриф буюришдан бошланди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпин Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Шавкат Мирзиёев ҳамроҳлигида Арк қалъасини бориб кўрди. Олий мартабали меҳмонга ушбу обиданинг тарихи, юртимизда қадимий шаҳарсозлик, илм-фан ва ҳунармандлик ривожи ҳақида маълумот берилди. Си Цзиньпин бу муҳташам обида ўзбек халқининг бунёдкорлик салоҳияти, илм-фан ва маданият ривожига эътиборининг ёрқин намунаси эканини таъкидлади”, - деб таъкидлашди давлат раҳбарининг матбуот хизматида.

Олий мартабали меҳмон Сомонийлар мақбарасини зиёрат қилди ва Пойи Калон мажмуида бўлди, шунингдек, Бухоро ипак гиламлари кўргазмалар залида қўли гул ҳунармандларимиз тўқиган ноёб буюмларни кўздан кечирди.

Олий мартабали меҳмон қадимий ва навқирон Бухоро шаҳрини кўриш бахтига муяссар бўлганидан мамнунлигини билдирди. Бухоронинг тарихий обидалари ўзбек халқининг бой маданий мероси, мумтоз меъморлик санъатининг юксак намунаси эканини эътироф этиб, истиқлол йилларида амалга оширилган бетимсол бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишларига юқори баҳо берди.

Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпиннинг Ўзбекистонга расмий ташрифи давом этмоқда. Ташрифнинг асосий тадбирлари 22 июнга мўлжалланган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: