ХМК “Ипак йўли” ўзбек банкига $15 млнгача кредит ажратди

Дата: 12:36, 08-11-2018.

Тошкент. 8 ноябр. ЎзТАГ – Жаҳон банки гуруҳига кирувчи Халқаро молия корпорацияси (IFC) “Ипак йўли” банкига Ўзбекистондаги микро, кичик ва хусусий корхоналарни (МКХК) кредитлашни кенгайтириш учун $15 млнгача миқдорида кредит ажратди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

IFC офисининг матбуот хизмати маълумотларига кўра, молиялаштириш “Ипак Йўли” банкига Ўзбекистон молия бозорида ушбу турдаги биринчи молиявий маҳсулот – миллий валютада айланма маблағларни молиялаштиришни таъминлаш механизмини жорий этиш имконини беради.

МКХК учун қисқа муддатли ва имтиёзли кредитлардан фойдаланиш имконияти муҳим аҳамиятга эга. Бундай кредитлар корхоналар ўзларининг доимий фаолият юритиши учун зарур бўлган жорий харажатларни молиялашга имкон беради.

“IFC инвестициялари ёрдамида кўплаб тадбиркорларни молия билан таъминлаш, шунингдек, мижозларимиз учун янги маҳсулотларни таклиф қилиш имконига эга бўламиз”, - деди “Ипак Йўли” бошқарув кенгаши раиси Сайдаброр Саидаҳмедов.

“Ушбу ҳамкорлик IFCнинг Ўзбекистондаги ўсиш ва бандлик учун имкониятлар яратувчи кичик бизнес субъектларининг молиявий эҳтиёжларини қондириш учун мамлакатда молиявий тизимни ривожлантириш борасидаги умумий ҳаракатидир”, - деди IFCнинг Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Випке Шлемер.

IFCнинг маблағларни ажратиш бўйича мажбурияти корпорациянинг Ўзбекистондаги мамлакат хусусий банкларини миллий валютада молиялаштиришни кенгайтириш ва ички капитал бозорини ривожлантиришга қаратилган фаолиятининг ажралмас қисми ҳисобланади. 2018 йил май ойидан буён IFC Ўзбекистонда уч маротаба ўзбек сўмларида облигацияларни жойлаштирди ва бу МКХКни кредитлашни кенгайтириш учун 240 млрд сўм (муқобил $30 млн) маблағ келтирди.

“Ипак Йўли” акциядорлик инновацион тижорат банки 1990 йилда ташкил этилган. Бугунги кунда унинг тармоғига Ўзбекистоннинг олти ҳудудидаги 14 та филиал ва 68 тезкор марказлар киради.

Сурат манбаи: http://www.eurokerdos.com

Янгилик билан ўртоқлашиш: