ХМК хорижий инвесторларни “Ипотека банк” улушини сотиб олишга жалб қилишга ёрдамлашади

Дата: 16:28, 08-04-2016.

Тошкент. 8 апрел. ЎзТАГ – Тошкентда “Ипотека банк” ва Халқаро молия корпорацияси (ХМК) вакиллари орасида музокаралар бўлиб ўтди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Халқаро молия корпорацияси делегациясига Марказий Осиё мамлакатлари, Россия ва Украина бўйича инвестициялар, молия ва банк тармоғи раҳбари Галина Клименко бошчилик қилмоқда. Учрашувда “Ипотека банк” низом жамғармасида улуш сотиб олишга хорижий инвесторларни жалб қилиш масаласи муҳокама қилинди”, - деб таъкидлашди банкда.

Мулоқот чоғида томонлар мамлакатда молия институтларининг ХМК билан ҳамкорлиги масаласини муҳокама қилдилар. Бундан ташқари, меҳмонларга Ўзбекистондаги иқтисодий ислоҳотлар, миллий банк-молия тизими, шунингдек, “Ипотека банк” фаолияти ҳақида ҳикоя қилиб берилди.

Шунингдек, банкнинг ўрта ва узоқ муддатли истиқболдаги стратегияси, бозордаги рақобатбардошлигини ошириш, кредит портфели таркиби, банк капитали етарлилиги масалалари муҳокама қилинди.

Эслатиб ўтамизки, бугунги кунда “Ипотека банк” активлари 4,4 трлн сўмдан ортиқ, банк капитали эса 360 млрд сўмга, депозитлари 2 трлн сўмга етган. Тошкент ва республика вилоятларида банкнинг 38 филиали мавжуд бўлиб, улар жисмоний ва юридик шахсларга хизматлар кўрсатади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: