ХМТ делегацияси Ўзбекистон ТИВда қабул қилинди

Дата: 15:07, 03-04-2018.

Тошкент. 3 апрел. ЎзТАГ – 2-апрел куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида Халқаро миграция ташкилоти (ХМТ) Бош директори Вильям Лейси Свинг бошчилигидаги делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар беради Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.

“Айни пайтда Ўзбекистон ХМТга аъзо емас. Мазкур ташкилот вазифасига миграция масалаларини ҳал қилишда кўмаклашиш, ушбу соҳадаги халқаро ҳамкорликни ривожлантириш киради. ТИВда бўлиб ўтган суҳбат чоғида Ўзбекистон ва ХМТ ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришнинг истиқболли йўналишлари муҳокама қилинди”, - дейилади хабарда.

Ўзбекистон ташкилот фаолиятида тўла қонли аъзо сифатида қатнашиш имкониятини кўриб чиқаётганлиги ХМТ делегациясига маълум қилинди. Шу нуқтаи назарда ўзаро муносабатларни мустаҳкамлаш ва кенгайтиришдан икки томон ҳам манфаатдор эканлиги тасдиқланди.

“ХМТ делегациясининг мамлакатимизга ташрифи дастуридан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши, Ҳукумати, меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш ва Ички ишлар вазирликлари ҳамда Бош прокуратурада учрашувлар ўтказиш ҳам ўрин олган”, - дейилади хабарда.

Сурат манбаи: https://general-ivanoff.livejournal.com/150869.html?thread=1602133

Янгилик билан ўртоқлашиш: