ХМТ Ўзбекистонда пахтачиликда болалар меҳнати мониторингини ўтказади
Тошкент. 22 сентябр. ЎзТАГ – Октябр бошида Ўзбекистонда пахтачиликда болалар меҳнати бўйича икки мониторинг ўтказилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“2014 йилда Жаҳон банки Ўзбекистон ҳукуматига уч томонлама шерикларнинг ҳамкорлигида ўз ҳудудларида болалар меҳнатидан мажбурий равишда фойдаланиш ҳолатларини мониторинг қилиш ва ушбу масалалар бўйича аҳоли билан алоқа ўрнатиш таклифи билан чиққанди”, - деб таъкидлашди Болалар меҳнати масалалари бўйича мувофиқлаштирувчи марказ матбуот хизматида.
Жаҳон банки Ўзбекистон ҳукумати ўртасидаги музокаралар натижасида меҳнат соҳаси мониторинги Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) ҳуқуқи эканлигига ва шу сабабли ушбу ишни мазкур ташкилот амалга оширишига келишилган эди.
Жорий йилда Халқаро экспертлар иштирокидаги мониторинг мамлакатнинг 10 ҳудудида, миллий мониторинг эса ХМТ кўмагида уч вилоятда ўтказилади.
Халқаро меҳнат ташкилоти мутахассислари ўзбек экспертларига Болалар ва мажбурий меҳнатдан фойдаланиш бўйича мониторингга оид қўлланмани такомиллаштиришда ёрдамлашдилар.
Мониторинглар натижалари Тошкентда 10 ноябр куни ўтказиладиган “давра суҳбати” вақтида муҳокама қилинади. Халқаро ташкилотлар вакиллари, шунингдек, Ўзбекистон ҳукуматига ишчиларни ёллаш ва уларни ижтимоий ҳимоя қилиш ишларини яхшилашга қаратилган ўз тавсияларини тақдим этадилар.
Эслатиб ўтамизки, 2013-2014 йилларда Ўзбекистон Халқаро меҳнат ташкилоти экспертлари билан пахтачиликда болалар меҳнати мониторингини ўтказган эди. Ўтган йилги мониторинг якунлари бўйича Ўзбекистонда пахта теримида болалар меҳнатидан фойдаланиш ҳолатларини аниқламаган эди. Кейинчалик ушбу натижалар ХМТ Экспертлар қўмитасининг юқори баҳосини олди ва Халқаро меҳнат конференциясида кўриб чиқилди.


