ХМТ Ўзбекистонда уюштирилган болалар меҳнати тўхтатилганини маълум қилди

Дата: 16:25, 03-02-2017.

Тошкент. 3 феврал. ЎзТАГ – Ўзбекистонда уюштирилган болалар меҳнати тўхтатилди, дейилади Халқаро Меҳнат Ташкилотининг (ХМТ) 2016 йилги пахта терими мавсумини мустақил мониторинги якунлари бўйича чиқарган ҳисоботида.

“Ўзбекистон ҳукумати пахта саноатида мажбурий меҳнатдан фойдаланиш хавфини бартараф қилиш бўйича ислоҳотларида ижобий ўзгаришларга эришмоқда”, - дейилади Жаҳон банки сайтида жойлаштирилган хабарда.

“Болалар меҳнатидан фойдаланишнинг номаъқуллигини жамиятнинг барча қатламлари: ҳукумат, ўқитувчилар, мутахассислар, фермерлар, ота-оналар ва болаларнинг ўзлари эътироф этмоқда. Ўзбекистон уюштирилган болалар меҳнатидан фойдаланишни босқичма-босқич бартараф қилди”, - дейилади ХМТ ҳисоботида.

Таъкидланишича, ХМТ ҳукуматнинг Ўзбекистонда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатдан фойдаланишни бартараф қилиш бўйича мажбуриятлари ва чора-тадбирларинининг тадбиқ этилишини мониторинг қилди ва “Жаҳон Банки томонидан қўллаб-қувватланадиган қишлоқ хўжалиги, сув хўжалиги ва таълим соҳаларида амалга оширилаётган лойиҳаларда ҳеч қандай болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатдан фойдаланиш ҳолатлари аниқланмаганлигини” баён қилди.

Ҳисоботга кўра, Ўзбекистон йиллик кенг кўламли пахта йиғим-терими муҳитига таъсир кўрсатаётган мажбурий меҳнатдан фойдаланиш хавфини камайтириш учун чора-тадбирлар режаларини тадбиқ етишда давом этмоқда.

“Уюштирилган болалар меҳнатидан фойдаланиш амалда тугатилган бўлсада, Жаҳон Банки ва ХМТ мамлакатда болалар меҳнатидан фойдаланиш, айниқса 16-17 ёшдаги талабалар ўртасида, ҳолатларини олдини олиш чора-тадбирларининг доимий амал қилишини таъминлаш учун ҳушёрлик даражасини оширишни тавсия қилишади”, - деб таъкидланади хабарда.

ХМТ ҳисоботида айрим тоифадаги кишилар, хусусан талабалар, таълим ва тиббиёт муассасалари ходимлари ҳамда давлат ташкилотлари ходимлари учун мажбурий меҳнатдан фойдаланиш ҳолатлари хавфи сақланиб қолаётгани эслатиб ўтилган.

“Ўзбекистон Республикаси ҳукумати мазкур ҳолатнинг мавжудлигини тан олади”, - дейилади ЖБ хабарида.

Пахта йиғим-терим мавсумида ХМТ 800дан зиёд баннер, 44 минг реклама афиша, 100 минг брошюралардан фойдаланди ҳамда телевидение, радио ва матн хабарларни олган мамлакат миқёсидаги коммуникация кампаниясини ўтказди.

Кампания якунлари бўйича ХМТ ва Жаҳон Банки Ўзбекистондаги ҳамкорликларини яна 2 йилга узайтиришга келишиб олишди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: