ХОҚ Артур Таймазовни Пекин олимпиадасининг олтин медалидан маҳрум қилди
Тошкент. 6 апрел. ЎзТАГ – Халқаро олимпия қўмитаси (ХОҚ) ўзбекистонлик эркин курашчи Артур Таймазовни Пекин олимпиадасининг олтин медалидан маҳрум қилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) ХОҚ матбуот хизматига асосланган ҳолда.
Ушбу қарор 2008 ва 2012 йиллардаги Олимпия ўйинлари допинг-намуналарини қайта текширувдан ўтказганидан сўнг қабул қилинган.
Бундан олдинроқ, 2016 йилнинг августида спортчи 120 кг гача вазн тоифасидаги 2008 йилги Олимпиада мукофотидан маҳрум қилиниши мумкинлиги хабар қилинган эди. Эндиликда ХОҚ допинг-намунада таъқиқланган туринабол ва станозолол моддалари мавжудлигини расман тасдиқлади.
Ўзбекистон номидан курашган Артур Таймазов 2012-йилги Лондон, 2004-йилги Афина олимпиадалари чемпиони ва 2000-йилги Сидней олимпиадасининг кумуш медалини қўлга киритган.
Шунингдек, ХОҚ 2008 йилги олимпиа ўйинлари кумуш совриндори украиналик курашчи Василий Федоришин ва россиялик оғир атлетикачи Светлана Царукаеваларни совринларидан маҳрум қилди. Спортчилар медалларни қайтариши зарур.
Халқаро олимпия қўмитаси икки марта Пекин ва Лондон олимпиадаларининг допинг-намуналарини текширувдан ўтказган эди. Натижада 1243 намуналардан 98 таси ижобий бўлиб чиқди. Россия термаси ОЎ-2008нинг 13 медалидан ва ОЎ-2012нинг 5 медалидан маҳрум этилди.
Эслатиб ўтамизки, олдинроқ яна бир ўзбекистонлик эркин курашчи – Сослан Тигиев ҳам олимпиа ўйини кумуш медалидан маҳрум этилгани маълум қилинган эди.