Хом-ашё биржасида ҳафталик савдо ҳажми пасайди

Дата: 15:08, 14-03-2014.

Тошкент. 14 март. ЎзТАГ – Ўзбекистон Республикаси Товар-хом-ашё биржасида (ЎзРТХАБ) 2014 йилнинг 3-9 март кунларида тузилган битимлар ҳажми 152,6 млрд. сўмни ташкил этди, бу бундан олдинги савдо ҳафтасидаги натижадан 10,2 млрд. сўм кам демакдир, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
ЎзРТХАБ хабар беришларича, бу ҳол ой боши учун характерлидир. Спот бозоридаги савдолар ҳажми ҳам 7% пасайди ва 127 млрд сўмга тенг бўлди. Бунга савдога қўйилган моллар даражасининг камайиши сабаб бўлди.
Аксинча, валютага савдо қилинадиган савдо майдончасидаги вазият яхшиланди. Бу ерда экспортга $5,8 млнлик мол сотилди. Бу олдинги ҳафтадагига қараганда $4 млн кўп демакдир.
Кўргазма-ярмарка савдолари ҳажми 2 млрд. сўмга ўсди ва 15,7 млрд сўмни ташкил этди.
Айни пайтда бундан олдинги ҳафтага солиштирганда кичик бизнес субъектлари маҳсулотлари савдоси 6,3 млрд сўмдан 8,6 млрд сўмгача ўсди.
Давлат ҳаридлари бўйича савдолар ҳажми ҳам бир оз камайиб, 5,4 млрд сўмни ташкил этди. Пул маблағларини тежаш кўрсаткичи 1,6 млрд сўмга тенг бўлди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: