Хоразм вилояти ҳокими ишида йўл қўйган жиддий камчиликлар учун вазифасидан озод қилинди

Дата: 14:52, 25-04-2018.

Тошкент. 25 апрел. ЎзТАГ – Хоразм вилояти ҳокими ишида йўл қўйган жиддий камчиликлар учун вазифасидан озод қилинди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу Ўзбекистон президенти раислигида Хоразм вилоятида ҳам ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, вилоят ва туман ҳокимлари ва тегишли соҳалар мутасаддилари иштирокида йиғилишда собир бўлди. 

Давлат раҳбари матбуот хизматининг хабар қилишича, Шавкат Мирзиёев вилоятда кейинги пайтда ижтимоий-иқтисодий ривожланишда кўплаб масалалар тўпланиб қолгани, муаммоларни ҳал этишда вилоят раҳбариятининг ишни бўшаштириб юборгани, вилоятнинг биринчи раҳбарида талабчанлик ва қатъият етишмаганини кўрсатиб ўтди.

Шунингдек, вилоят, шаҳар ва туманлардаги секторларнинг ишлари ҳам қониқарсиз ташкил этилганини қайд этди.   

Ишда йўл қўйган жиддий камчиликлари учун Халқ депутатлари Хоразм вилояти кенгашининг 21 апрель куни бўлиб ўтган навбатдан ташқари сессиясида вилоят ҳокими Илгизар Собиров вазифасидан озод қилинган эди. Унинг ўрнига Фарҳод Эрманов вилоят ҳокими вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинланганди.

Йиғилишда йўл қўйган сусткашликлари учун вилоят ҳокимининг иқтисодий масалалар бўйича биринчи ўринбосари Мақсуд Сапаев, Инвестициялар бўйича ўринбосари Темур Раҳмонов ҳамда Қўшкўпир тумани ҳокими Сардор Юсупов эгаллаб турган вазифасидан озод этилди. Бундан ташқари, сектор раҳбарларига, бир қанча мутасаддиларга интизомий жазо чоралари кўрилди ва уларга синов муддати берилди. 

Йиғилишда вилоятнинг янги раҳбарияти ва барча мутасаддилар олдига қатор вазифалар қўйилди.

“Барча ҳокимлар, идора ва ташкилотлар раҳбарлари уйғониши, ўзини қийнаши керак. Вилоятни ривожлантириш, одамларни рози қилиш ва уларнинг турмуш фаровонлигини ошириш ҳар бир раҳбарнинг асосий вазифаси бўлиши керак”, - деди президент.

Сурат манбаи: https://www.gazeta.uz/ru/2018/04/24/khorezm-region/

Янгилик билан ўртоқлашиш: