Хоразм вилоятида янги сув комплекси қурилди

Дата: 11:32, 28-02-2019.

Тошкент. 28 феврал. ЎзТАГ – Хоразм вилоятининг Боғот туманида замонавий ёпиқ сув ҳавзаси фойдаланишга топширилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ўзбекистон Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги маълумотларига кўра, Боғот тумани болалар-ўсмирлар спорт мактабининг ёпиқ сув ҳавзасининг умумий қиймати

4,884 млрд сўмга баҳоланган. Объектда 11х25 метр ўлчамдаги сузиш ҳавзаси, мураббий ва шуғулланувчилар учун ювиниш, кийиниш, дам олиш хоналари ҳамда томошабинлар учун ўриндиқлар мавжуд. Мактабга 374,5 млн сўмлик спорт анжомлари ва ускуналари ҳам берилди.

Хоразм вилояти жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси бошлиғи Шокир Мадаминовнинг сўзларига кўра, қурилиш ишлари 2018 йил июл ойида бошланган.

Мазкур сузиш ҳавзасининг фойдаланишга топширилиши спорт мактабида сузиш тўгараги ташкил этишга имкон беради, бу эса ҳудудда сув спорти турлари янада оммалашиб, ёшлар соғлом улғайиши учун кенг шароит яратади.

Қўшимча ўрнида, ёпиқ сув ҳавзаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018-йил 2 июндаги тегишли қарори асосида барпо этилди. Ҳужжатга мувофиқ, Жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан Хоразм вилоятининг Қўшкўпир, Шовот ва Боғот туманларида замонавий ёпиқ сув ҳавзалари қурилиши белгиланган.

Сурат манбаи: minsport.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: