Хоразмда беш экстремист узоқ муддатларга қамалди
Тошкент. 2 ноябр. ЎзТАГ – Жиноят ишлари бўйича Хоразм вилоят суди экстремистлар гуруҳи етакчиси Даврон Каримов, шунингдек, унинг тўрт шериги Маркс ва Умид Халменовлар, Жасур Аллаберганов ва Жасур Кутлимуратовларга айблов ҳукмини ўқиди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) куч тизимлари хабарига асосланган ҳолда.
“Муқаддам судланган Даврон Каримов 2003 йилда амнистия қилинган. Ўшанда унга қуролланган гуруҳ фаолиятида иштирок, давлатнинг суверенитети, ҳудудий бутунлиги ва хавфсизлигига қарши ҳаракатлар айблари қўйилган эди. Амнистияга тушганига қарамасдан у “Туркистон Ислом давлати” халқаро террористик ташкилоти ғояларини тарқатишдан қайтмади ва диний-экстремистик қарашларни тарғиб қила бошлади”, - дейилади хабарда.
2010-2012 йилларда у диний экстремизм ғояларини тарқатиш билан шуғулланди, ўз ишига жиянлари Маркс ва Умид Халменовларни ҳам жалб қилди. Жиянлардан бири – Маркс 2012 йилда Санкт-Петербургга ишга жўнатилди ва бу ерда Абдували Мирзаев ва Обид Назаровнинг аудиоёзувларидан фойдаланган ҳолда диний-экстремистик қарашларни фаол тарқата бошлади.
Кейинчалик экстремистларнинг Хоразм ячейкасига урганчлик Жасур Аллаберганов ва Боғот туманидан бўлган Жасур Кутлимуратовлар жалб этилди. Мажлисларда экстремистлар ўз маънавий етакчиларининг мурожаатларини мунтазам тинглаганлар, “Джундуллох” студияси томонидан тайёрланган видеороликларни кўриб боришган.
Даврон Каримов 16 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди. Гуруҳнинг қолган аъзолари – Жасур Аллаберганов ва Умид Халменов 8 йилга, Жасур Кутлимуратов 7 йилга, Маркс Халменов эса 6 йилга муддатга озодликдан маҳрум этилди.