Хоразмда иккита янги “Бахт уйи” очилди

Дата: 13:31, 14-07-2015.

Хоразм. 14 июл. ЎзТАГ – Ўзбекистоннинг Хоразм вилоятидаги Янгиариқ ва Янгибозор туманларида бирданига иккита янги “Бахт уйи” фойдаланишга топширилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Адлия вазирлигидан хабар қилишларича, биринчи фуқаролик ҳолатлари далолатномаларини ёзиш (ФҲДЁ) бўлими икки қаватли бинода жойлашган бўлиб, миллий меъморчилик анъаналаридан келиб чиқиб қурилган. Бу ерда барча зарур нарсалар билан жиҳозланган рўйхатга олиш зали, “ота-оналар университети”, архив ва бошқалар жойлашган. Бинони қуришга 1,07 млрд сўм сарфланди.

Янгибозор туманидаги бино ҳам фойдаланишга топширилди.

Ҳар икки бино очилиш маросимида Хоразм вилояти ҳокими Пўлат Бобожонов қатнашди. Анъанага кўра, янги биноларда ёш оилаларнинг никоҳ маросимлари бўлиб ўтди.

Эслатиб ўтамизки, март ойи охирида Хоразм вилоятининг маъмурий маркази Урганчда қиймати 3 млрд сўмлик “Бахт уйи” очилган эди.

Кейинги йилларда республикада кўплаб янги ФҲДЁ бўлимлари очилмоқда. Фақат 2014 йилда 22 замонавий бинолар қурилиб, 12таси таъмирланди ва янгидан жиҳозланди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: